Иван Абдулҳақ Сиёний: Италияда Термизийларга қизиқиш ошмоқда
Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Ҳаким Термизий илмий-маънавий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзуига бағишланган халқаро илмий конференция бўлиб ўтди.
Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган анжуманда Миср, Малайзия, Индонезия, Италия, Марказий Осиё давлатларидан 20 дан ортиқ таниқли исломшунос олим ва уламолар, илмий тадқиқотчилар, мамлакатимизнинг давлат ва жамоатчилик вакиллари, таниқли исломшунослар, олий таълим ва илмий муассасалар мутахассислари қатнашмоқда.
Анжуман иштирокчилари Президентимиз ташаббуси билан ўтмишда юртимизда яшаб, ислом дини ривожига муносиб ҳисса қўшган олимлар, шу жумладан, буюк термизийларнинг илмий асарларини тадқиқ этишга қаратилаётган юксак эътиборни алоҳида эътироф этмоқда.

Моҳд Шаҳир Бин Ҳашим, Малайзия Ислом тараққиёти департаменти тадқиқотлар бўлими илмий ходими:
Мамлакатимизда Термизийлар меросини ўрганишга катта иштиёқ бор. Талабалар қизиқиш билан таълим олади. Лекин, аксарият ҳолларда Имом Термизийни танлаб, ул зотни чуқур ўрганишга интилади. Ҳаким Термизий биз учун ислом таълимотининг янги саҳифаси. Алломани кўпчилик яхши билмайди. Ваҳоланки, олимнинг инсон руҳияти, маърифат, ахлоқ, нафс тарбияси каби мавзудаги таълимоти ҳозирги ёшлар тарбиясида ҳам муҳим ўрин тутади. Бугун буюк аллома Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишланган илмий анжуманда қатнашаётганимдан жуда мамнунман. Шуъба йиғилишида “Ҳаким Термизийнинг тасаввуф мероси: ахлоқ, маърифат ва комил инсон концепцияси” мавзуида маъруза қилдим. Анжуманни ташкил этиш ғоясини илгари сурган Президент Шавкат Мирзиёев ва барча ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман. Бундай тадбирлар буюк мутафаккирларни дунёга кенг тарғиб қилишга кўмаклашади.

Иван Абдулҳақ Сиёний, Падуя университети илмий тадқиқотчиси (Италия):
Италияда ҳам ислом оламининг етук намояндаларига катта қизиқиш билан қаралади. Айниқса, исломшунос олим Дмитрий Жорданининг Термизийлар ҳақида олиб борган изланишлари таҳсинга сазовордир. Яқинда олим Ҳаким Термизийнинг ажойиб асарларини итальян тилига таржима қилиб, чоп эттирди. Нақшбандия тариқатини ҳам яхши ўрганган олим. Бизга магистратурада Имом Термизий ва Ҳаким Термизий мерослари яхши ўргатилган. Айни пайтда сўфийлик ва Аҳмад Ибн Идрис таълимоти ҳақида илмий изланиш олиб боряпман. Ушбу конференцияда Термизийлар ҳақида янги маълумотларга эга бўлиб, уларнинг илмий меросига қизиқишим янада ошди.

Музаффар Жониев, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори:
Президентимизнинг жорий йил 24 июлдаги “Буюк ватандошимиз, ҳадис ва тасаввуф илмининг етук намояндаси Ҳаким Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган халқаро илмий анжуманга европалик олимларнинг қизиқиш билдиргани ҳам улуғ аждодимиз меросига дунё ҳамжамиятида катта эҳтиёж борлигига далолатдир. Тупроғидан илм ҳиди келадиган юртда яшаган аллома бундан қарийб 1 минг 200 йил илгари ўзининг психологик таълимоти билан инсоннинг ички руҳий олами, онг ва ҳиссиётлари ўртасидаги мувозанатни чуқур таҳлил қилиб, очиб бергани хорижликларнинг эътиборини тортмоқда. Инсон руҳияти ва қалби, маърифат, ахлоқ, нафс тарбияси, илм ва маънавий камолотга оид қарашлари ҳозирги фикрлар хилма-хиллиги даврида ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Конференциянинг ялпи мажлиси ва шуъба йиғилишларида ҳам шу ҳақда атрофлича фикр алмашилди.
Илмий анжуман Термизий алломаларнинг бой илмий-маърифий анъаналарини халқаро ҳамжамиятга янада кенг танитиб, Ўзбекистоннинг ислом тамаддуни ривожига қўшган тарихий ҳиссасини намоён этгани, мамлакатимизда буюк алломалар меросини ўрганиб, тарғиб қилиш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишларга халқаро ҳамжамият эътиборини қаратишга хизмат қилгани билан янада аҳамиятли бўлди. Ҳаким Термизий илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириб, халқаро илмий алоқаларни мустаҳкамлашга, келгусидаги ўзаро ҳамкорлик йўналишларини белгилашга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Илмий ходимларимизни руҳлантириб, янги изланишларга чорлади. Термизий алломалар ҳаёти ва илмий меросини ўрганишга қаратаётган юксак эътиборлари учун Президентимиздан миннатдормиз.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири