ЎзА хабарлари (+видео)
Ўтган ҳафта давомида www.uza.uz сайтида эълон қилинган расмий хабарлар
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги uza.uz сайтининг "ЎзА хабарлари" дастури.
7 октябрь.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари россиялик ҳамкасбини туғилган куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта зафарлар тилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фонд бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Йиғилишда Давлатимиз раҳбари қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, ортиқча чекловларни бекор қилиш ва фонд бозорида ишлашни соддалаштириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Капитал бозорини ривожлантириш агентлигига Тошкент молия институтининг тегишли кафедрасини оталиққа олган ҳолда, илғор хорижий муассасалар билан ҳамкорликда кадрлар малакасини ошириш ва талабаларни ўқитиш вазифаси қўйилди.
9 октябрь
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Давлатимиз раҳбари Тошкент чинни заводини бориб кўрди. Президентимиз ўтган йили 29 июнь куни Олмазор тумани аҳолиси билан мулоқот чоғида Тошкент чинни заводини қайта тиклаш зарурлигини таъкидлаган эди. Орадан бир йил ўтиб ушбу ташаббус амалга ошди – туманда замонавий технологиялар билан жиҳозланган чинни заводи барпо этилди.
«Товар-хомашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
10 октябрь
Президент Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун Ашхободга борди. Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрида Молдова Республикаси Президенти Игорь Дадонни қабул қилди ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди.
10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ўзбекистонлик 64 нафар бегуноҳ болалар Тошкент шаҳрига олиб келинди.
11 октябрь
Давлатимиз раҳбари МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг Ашхободдаги мажлиси дастури доирасида Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашди. Шунингдек, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинянни қабул қилди. Шуни таъкидлаш лозимки, Саммитда МДҲга 2020 йилда раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши тўғрисида қарор қабул қилинди ва қатор ҳужжатлар имзоланди.
«Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмларини ва донорлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» давлатимиз раҳбарининг фармони эълон қилинди.
***
2019 йил 11-12 октябрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида халқимиз ҳаётига дахлдор, жамият равнақига хизмат қиладиган, давлатимизнинг халқаро миқёсдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган масалалар сенаторлар томонидан муҳокама этилди. Кун тартибига киритилган 31 масаладан 19 таси қонун, Вазирлар Маҳкамасига оид 4 та парламент сўрови кўриб чиқилди. Йигирма учинчи ялпи мажлис фаолияти биринчи марта онлайн режимда Олий Мажлис Сенатининг расмий сайти орқали ва унинг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида трансляция қилинди. Ялпи мажлисни ёритиш учун мамлакатимиз ва хориж оммавий ахборот воситаларининг 130 нафардан ортиқ вакили аккредитация қилинди.
***
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 14-15 октябрь кунлари Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг еттинчи саммитида иштирок этади. Саммитда Туркий кенгашга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасининг тўла ҳуқуқли аъзо сифатида Ташкилотга қўшилиши тўғрисида Қўшма баёноти қабул қилинади. Учрашув якунида эса Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши еттинчи саммитининг декларацияси қабул қилиниши ҳам кутилмоқда.
Сиз давлатнинг расмий хабарларини расмий манбада танишмоқчи бўлсангиз бизни кузатишда давом этинг.