ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Президент Ашхободга келди

Президент Ашхободга келди


Ашхобод, 10 октябрь. ЎзА махсус мухбири Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ хабар қилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун 10 октябрь куни Ашхободга келди.

Олий мартабали меҳмонни Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Эсенмурат Оразгелдиев кутиб олди.

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги. Жаҳон миқёсида жадал ўзгаришлар рўй бераётган, глобал хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда мазкур халқаро тузилманинг аҳамияти нақадар долзарб эканлигини даврнинг ўзи исботламоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим бўлган ушбу платформа бугунги кунда аъзо давлатларнинг ўзаро манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, тўғридан-тўғри мулоқотни олиб бориш ва долзарб мавзулар муҳокамаси жараёнида фикр алмашиш сингари имкониятларни тақдим этмоқда.

Йиғилишда Ҳамдўстлик доирасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган комплекс масалаларни муҳокама қилиш, шунингдек, томонларни қизиқтирган халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган.

Саммит якунида бир қатор ҳужжатларни, жумладан, 2020 йилда МДҲда раисликнинг Ўзбекистон Республикасига ўтиши тўғрисида қарор, Стратегик иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида декларация, 1941-1945 йиллар Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари ва халқаро ҳамжамиятга мурожаати, 2020-2022 йилларда терроризм ва экстремизмнинг бошқа зўравонлик кўринишларига қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастурини қабул қилиш кўзда тутилган.
МДҲ саммитининг асосий тадбирлари 11 октябрга мўлжалланган. Саммит доирасида Президентимизнинг қатор давлатлар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.



5 699
ЎзА