ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

“МЕҲР-2”: Ироқдан 64 бола юртимизга олиб келинди

“МЕҲР-2”: Ироқдан 64 бола юртимизга олиб келинди
Инсонпарварликнинг юксак намунаси

2019 йил 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ўзбекистонлик 64 нафар бегуноҳ бола махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинди.

Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ Халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда она Ватанига қайтарилган бу болалар Ироқ давлати ҳудудида оғир шароитда яшаётган эди.

“Меҳр-2” инсонпарварлик амалиёти доирасида юртимизга олиб келинган 39 ўғил ва 25 қиз боланинг орасида 14 нафар 3 ёшгача бўлган ҳамда 2 нафар ота-онасидан айрилган жажжи бола бор.

Гуманитар амалиёт ишчи гуруҳи томонидан айни пайтда турли халқаро террористик ташкилотларга аъзо бўлиб, ўзга давлатлар фуқаролари тинчлиги ва осойишталигига таҳдид солгани учун Ироқ давлатида 10-20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ёки умрбод қамоқ жазосини ўтаётган ўзбекистонлик аёллар билан тегишли суҳбатлар ўтказилди ва фарзандларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича уларнинг розилиги олинди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу аёллардан айримларининг турмуш ўртоғи айни пайтда халқаро террористик ташкилотлар сафида қолаётган бўлса, бир қисми жанговар ҳаракатлар давомида аянчли ўлим топган, қолганлари эса Ироқ ва Сурия қамоқхоналарида жазо ўтамоқда.

Афсуски, тўғри йўлдан адашиб, бошқа давлатлар орқали “уруш ўчоқлари”га бориб, халқаро террористик ташкилотлар сафига қўшилган ота-оналар фарзандлари руҳий ва жисмоний қийинчиликларга дуч келган.

Эндиликда бу болалар барча қулайликларга эга соғломлаштириш муассасасига жойлаштирилади. Мутахассислар уларга ҳар томонлама тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатади. Болалар учун иссиқ овқат ташкил этилиб, янги кийим-кечак билан таъминланади.

Уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни расмийлаштириш, ҳомийлар ва васийларга бириктириш, боғча, мактабга жойлаштириш масалалари ҳам ҳал этилади.

Давлатимиз раҳбарининг бағрикенглик сиёсати асосида амалга оширилаётган “Меҳр” инсонпарварлик амалиёти давом этади ва ҳеч бир Ўзбекистон фуқароси ҳимоясиз қолмайди.

photo5258509309136973516.jpg

photo5260442332182981744.jpg

photo5258509309136973519.jpg

photo5258509309136973522.jpg

photo5260442332182981749.jpg

17 036
Анора СОДИҚОВА ,ЎзА