Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ютуқ ва камчиликлар таҳлили

Сурхондарё вилоятида 82 миллиард уч юз миллион сўм ва 250 минг доллар қийматидаги маблағ эвазига ишга туширилган саноат корхоналарида қирққа яқин янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Тўрт минг икки юзга яқин иш ўрни яратилди, 28 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Сурхондарё вилоятида 82 миллиард уч юз миллион сўм ва 250 минг доллар қийматидаги маблағ эвазига ишга туширилган саноат корхоналарида қирққа яқин янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Тўрт минг икки юзга яқин иш ўрни яратилди, 28 миллиард сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Вилоятни 2015 йилнинг 9 ойида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ҳамда устувор вазифалар ижросига бағишланган фаоллар йиғилишида шу ва бошқа йўналишларда амалга оширилган ишлар чуқур таҳлил қилинди.

Вилоят ҳокими Т.Мамараимов бошқарган йиғилишда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, бошқарма ва идоралар, тижорат банклари, жамоат ташкилотлари, йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этди.

Президентимизнинг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш юзасидан бажарилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳисобот даврида вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланди, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 4 триллион 927 миллиард 740 миллион сўмдан зиёдни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари 18,7, истеъмол товарлари 13,6, қурилиш пудрат ишлари 13,9, хизматлар ҳажми 18,8, чакана савдо айланмаси 18,4 фоизга ўсди. Бандлик дастури доирасида 53 минг 252 янги иш ўрни яратилди.

Иқтисодиётда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, модернизация ва диверсификация ишларини изчил давом эттириш, корхоналарни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, янги қувватларни ишга тушириш вилоят иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда муҳим омил бўлди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг воҳа иқтисодиёти тараққиётидаги ролини янада ошириш, мавжуд тўсиқ ва ғовларга чек қўйиш, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, уларнинг эркин фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасида 1000 дан ортиқ кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун 448,8 миллиард сўм кредит маблағи ажратилиб, хусусий сектор томонидан 391,9 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 791,2 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. 439,5 миллиард сўмлик пуллик хизматлар кўрсатилди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 79,1 фоизни, хизматлардаги улуши 43,2 фоизни ташкил этди.

Вилоят корхоналари томонидан 98,1 миллион доллар қийматидаги маҳсулот экспорт қилинди.

Йиғилишда ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Вилоятда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш ҳамда қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини ғамлаш юзасидан белгиланган чора-тадбирлар ижроси таҳлил қилинди. Шунингдек, вилоятнинг саноат салоҳиятини янада юксалтириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида олиб борилаётган ишларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.