“Юртим қадриятлари” кўрик танлови ғолиблари маълум бўлди
Ҳар бир миллатнинг қудрати унинг илдизига, минг йиллар давомида шаклланган қадриятларига бориб тақалади. Халқларнинг этник состави паспорт вазифасини ўташини фолклоршунос олимлар ҳам бот-бот ёзишган. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Ватанимизнинг иккита ўқ илдизи бор. Бири иқтисодиёт бўлса, иккинчиси маънавият”.
Дарҳақиқат, маънавиятли миллатнинг эртангги йўли чароғон бўлиши кафолатланган. Маънавият юксаклиги эса қадриятлар ва азалий анъаналарнинг тириклиги билан баҳоланади. Шунинг учун ҳам шиддат билан онгимизга технологиянинг таъсири кучайиб бораётган бир пайтда келажак авлодга, ёшларимиз тафаккурига миллатимизга хос бўлган қадриятларни сингдириш ғоят муҳим.
Шу мақсадда, Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази томонидан “Юртим қадриятлари” республика кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Танловнинг бу мавсуми ҳам қизғин тус олди. 230 та олий таълим ташкилотлари иштирок этган мазкур танлов кўплаб истеъдодлар кашф этилишига замин яратди.
Қувонарлиси шуки, гарчанд, бошқа соҳада бўлса-да, ёшларнинг миллий мусиқамиз ва фольклоримизга нисбатан иштиёқи юқори эканлиги намоён бўлди. Хусусан, олийгоҳ талабаларининг миллий чолғу асбобларимизни маҳорат билан чалаётгани соҳа мутахассислари бўлган ҳакамларни ҳам ҳайратлантирди.
Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази томонидан ўтказиб келинаётган “Юртим қадриятлари” кўрик танловининг бу мавсумдаги ғолиблари ҳам аниқ бўлди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида ўтказилган мазкур танловнинг финалида энг кучли 6 та олийгоҳ жамоаси иштирок этди.

Жамоалар учта шарт бўйича қизғин ва муросасиз баҳс олиб борди. Якунда ҳар бир ўринга иккитадан жамоа муносиб кўрилди. Буни ҳакамлар юқори даражадаги тайёргарлик ва дўстона муҳит натижаси деб баҳолади.
Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда Урганч инновацион университети биринчи ўринларни, Тошкент давлат юридик университети ва Наманган давлат педагогика институти иккинчи ўринларни эгаллади. Шунингдек, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамда Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиали учинчи ўринларга эга чиқди.
Ғолиблар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан биринчи, иккинчи ва учинчи даражали диплом ва мос равишда 1-ўрин 50 миллион сўм, 2-ўрин 30 миллион сўм ва 3-ўрин 20 миллион сўм пул мукофотлари билан тақдирланди. Тақдирлаш маросимида диплом ва ваучерларни жамоаларга Талаба ва ўқувчиларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш маркази директори Абдумалик Акрамов топширди.
Шербек Исломов, ЎзА