Андижонда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди.
Хотира ва қадрлаш кунининг асосий тадбирлари Андижон шаҳри марказидаги Хотира хиёбонида ўтказилди.
Барча тадбир иштирокчиларининг кўксига шараф ленталари тақилди.
Ватан, унинг эрки ва озодлиги йўлида қанча-қанча мард ва жасур ватандошларимиз азиз жонларини фидо қилган. Уларнинг қаҳрамонликлари, кўрсатган жасоратлари ҳеч қачон унутилмайди. Тадбирда уларнинг порлоқ хотиралари ёдга олинди.
Дастлаб уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар томонидан Хотира хиёбонига ўрнатилган Мотамсаро она ҳайкали пойига оркестр садолари остида гулдасталар қўйилди.
[gallery-23266]
Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида минглаб юртдошларимиз қатори андижонликлар ҳам матонат, юксак қаҳрамонлик намуналарини кўрсатганлиги, Ватан ҳимояси йўлида қурбон бўлганларнинг порлоқ хотираси ҳеч қачон унутилмаслиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида Андижон вилоятидан 97,5 минг нафардан зиёд йигитлар қатнашган. Урушдан 43,5 минг нафар андижонлик йигит юртига қайтмади. Улар жанггоҳларда ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Фронтдан қайтган 54 минг нафар андижонлик йигитларнинг 40,9 минг нафари ногирон бўлиб қайтган.
Фашизмга қарши олиб борилган курашда андижонлик жангчилар мардлик, жасорат намуналарини кўрсатган. Урушда Останақул Шокиров, Осман Яқубов, Абдулазиз Йўлдошев, Тўхтасин Мирзаев, Ғулом Ёқубов, Сульги Лутфуллин сингари андижонлик жангчилар ўша даврнинг энг юксак мукофоти – Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган бўлса, яна минглаб андижонликлар турли орден ва медаллар билан тақдирланган.
Бугун ана шу оловли кунларни бошидан ўтказган андижонликлардан фақатгина уч нафари ҳаёт бўлиб, улар давлатимизнинг доимий эътибори ва халқимизнинг ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Тадбирда урушнинг суронли дамларини бошидан кечирган уруш ва меҳнат фахрийларига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тиланди.
Шундан сўнг Хотира майдонида ҳарбий оркестр садолари остида ҳарбий парад ўтказилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари