Қаҳрамонларнинг порлоқ хотираси унутилмайди
Андижонда “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 81 йиллигига бағишланган кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда.
Хотира ва қадрлаш кунининг асосий тадбирлари Андижон шаҳри марказидаги Хотира хиёбонида бўлиб ўтди.
Барча тадбир иштирокчиларининг кўксига шараф ленталари тақилди.
Ватан, унинг эрки ва озодлиги йўлида қанча-қанча мард ва жасур ватандошларимиз азиз жонларини фидо қилган. Уларнинг қаҳрамонликлари, кўрсатган жасоратлари ҳеч қачон унутилмайди. Тадбирда уларнинг порлоқ хотиралари ёдга олинди.
Дастлаб вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёшлар томонидан Андижон шаҳри марказидаги Хотира хиёбонига ўрнатилган мотамсаро она ҳайкали пойига оркестр садолари остида гулдасталар қўйилди.
[gallery-29326]
Тадбирда иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида минглаб юртдошларимиз қатори андижонликлар ҳам матонат, юксак қаҳрамонлик намуналарини кўрсатганлиги, Ватан ҳимояси йўлида қурбон бўлганларнинг порлоқ хотираси ҳеч қачон унутилмаслиги таъкидланди.
Шундан сўнг Хотира майдонида иккинчи жаҳон уруши даврини акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА