Юртимиз байроғи шу юртда яшаётган каттаю кичикнинг фахру ифтихорига айланган десам, асло муболаға бўлмайди. Набирам қаерда байроғимизни кўрса, қўлини кўксига қўяди, ҳурмат бажо келтиради. У ҳали кўп нарсани англаб етмаса-да, Ватанимиз рамзларидан бири бўлган байроғимизни ардоқлайди, ундан ғурурланади. Албатта, бунда боғча опаларининг хизмати катта.
Яқинда Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтган Олимпиада ва паралимпия ўйинларида ҳам спортчиларимизнинг қўлга киритган ҳар бир ютуғидан сўнг юқорига кўтарилган байроғимиз барчанинг қалбида ифтихор, ғурур, фахр туйғусини уйғотди. Ўзбекистон байроғини бутун дунё таниди.
Бугун юртимизнинг қай бир вилояти, туман маркази, шаҳрига борманг, Ватанимиз байроғи бўй кўрсатиб, узоқлардан ҳилпираб, кўзга ташланади.
Айни кунда Андижон шаҳри марказида 63 метр, Хўжаободда 45 метр, Булоқбошида 37,5 метр, Шаҳрихонда 30 метр, Марҳаматда 12 метр баландликда юртимиз байроғи ҳилпираб турганлигидан барча андижонликлар фахрланади.
Қолаверса, кейинги вақтларда кўплаб фуқароларимиз ўз хонадонлари дарвозаси пештоқига байроғимизни ўрнатиб қўяётганлиги ҳам ҳурмат намунасидир. Бундай юксак ватанпарварлик туйғуси ҳеч қачон бизни тарк этмасин.
Мана шундай қувончли ҳолатларни кузата туриб, йиллар давомида ватанпарварлик ҳақида гапирганимизда айримлар пешонасини “тириштириб” “баландпарвозлик, қуруқ гап” дея назарига илмаган маънавий-маърифий йўналишдаги тарғибот ишларимиз бесамар кетмаганига шукур келтираман. Шу онда беихтиёр хаёлимдан шоирнинг ушбу мисралари ўтади:
Ҳурликни улуғлаб ҳилпирар мағрур,
Ўзбек ифтихори ватан байроғи.
Яшайди миллатлар дўст-иноқ масрур,
Саждагоҳ макондир олтин тупроғи...
Ҳа, бугун халқимиз Ватан байроғи остида тобора жипслашиб бормоқда. Байроғимиз бизни юксак чўққилар сари дадил одимлашга ундайди. Аслида мустақиллигини қўлга киритган ҳар бир юрт ўз байроғини музаффар ҳилпирашини истайди. Чунки байроқ дунёда ўз ўрни борлиги, халқнинг бирлиги ва мустақиллиги тан олинганлигининг ифодасидир. Бундан ўттиз уч йил муқаддам мустақил, деб эълон қилинган Ўзбекистоннинг тарихи, қадриятлари ва она табиатдан андоза олиб, тайёрланган давлат байроғи қабул қилинган эди. Шундан буён муқаддас байроғимиз энг олий саҳналар, юксак чўққиларда, зафарли қўлларда баланд кўтарилмоқда.

Ватан ҳимоясидек муқаддас бурчни мардона ўташ учун байроғимизни ўпиб қасамёд қилаётган ҳарбийларнинг қалбидаги олов ва шижоатни, кўзларидаги нур ва ишончни ёхуд халқаро спорт майдонларида юксак шоҳсупага эришган ғолиб юртдошимиз шарафига мадҳиямиз янграб, она юртимиз байроғи кўтарилишини, ғолиб юртдошимизнинг кўзларидаги қувонч ва ифтихор ёшларини кўриб, чексиз фахрланамиз, қалбимизни ажиб, ширин туйғулар қамраб олади. Ана шундай лаҳзаларда ҳеч муболағасиз Ватанимиз байроғини кўзимизга тўтиё қилгимиз келади. Бу фахрланиш аслида юртга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат ва садоқатнинг кўринишидир.
Ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёш авлод онгу шуурига Ватанимиз рамзлари – гербимиз, мадҳиямиз, хусусан, миллий байроғимизга нисбатан ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий фахримиз бўлган байроғимизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Айниқса, биз маънавият соҳаси вакилларининг фаолиятида айнан давлат рамзларига, шу жумладан, байроғимизга бўлган ҳурмат-эҳтиромни янада кучайтириш муҳим вазифалардан бири саналади. Бу вазифага ҳамиша шараф, масъулият билан ёндашишимиз лозим.
Шу маънода 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кунни байрамона, юқори кўтаринкилик билан ўтказишга, сана муносабати билан ўтказиладиган тадбирларни халқчил, қизиқарли, таъсирчан тарзда ташкил этишга, оммавийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишимиз ҳам муҳимдир.
Хусусан, ана шу сана муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизнинг туман, шаҳарларида Давлат байроғи билан юриш марафони, меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмларда “Миллат байроғи” мавзусида “Маърифат соат”лари ўтказилади. Бундан ташқари, барча умумтаълим мактабларида “Миллат байроғи” мавзусида иншолар танлови, очиқ дарслар, олий таълим муассасаларида ижодий учрашувлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказилиши белгиланган. Шу кунларда жойларда ана шу тадбирлар юртдошларимизнинг фаол иштирокида бўлиб ўтмоқда.
Бугун байроғимиз нафақат Ўзбекистон Республикаси давлат рамзи, балки халқимизнинг, шу юртда туғилиб, шу заминнинг меҳридан қониб яшаётган турли миллат ва элатларнинг тинчлиги, ҳамжиҳатлиги тимсолига айланган. Дунёнинг қайси бурчагига бормайлик қадрдон байроғимиз она Ватанимизни ёдга солади. Токи ҳаёт, ҳур ва озод Ватанимиз бор экан, муқаддас байроғимиз ҳилпирайверади. Юртдошларимиз қалбига фахр-ифтихор туйғусини солиб, тинчликка, эзгуликка, эртанги кунга умид ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилаверади.
Абдулҳамид Нурматов,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Андижон вилояти бўлими раҳбари.
ЎзА