Юксакларда ҳилпираётган Ватан байроғи мамлакат қудратининг ёрқин тимсолидир
Юрт байроғи. У мустақиллик, ҳурлик, фахр ва ифтихор, миллий ўзлик тимсолидир. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи янгиланиш йўлидан шиддат билан одимлаётган Ватанимизнинг муқаддас рамзи саналади.
Байроғимизнинг ҳамюртларимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти қандай? Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ислом цивилизацияси маркази директорининг илмий маслаҳатчиси, профессор Турсунали Қўзиев билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.
– Турсунали Каримович, ҳар бир давлатнинг ўз байроғи бор. Лекин дунё давлатлари байроқлари орасида Ўзбекистон Давлат байроғи биз учун энг қадрли ва эъзозли рамздир. Сиз моҳир мусаввир, фотоижодкор, шу юртнинг фарзанди сифатида Ватанимиз байроғи ҳақида қандай фикрларни билдирасиз?
– Бу байрамнинг шахсий ҳаётимда ҳам алоҳида ўрни бор. Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилинган 18 ноябрь санаси каминанинг ҳам туғилган куни билан тўғри келган. Шу боис оиламизда бу кун йиллар давомида икки карра қувонч ва алоҳида эҳтиром билан нишонланади.
Мусаввир ва фотоижодкор нуқтаи назаридан қараганда, байроқ — шунчаки ранглар уйғунлиги ёки бадиий ечим эмас. Унда халқимизнинг кўп асрлик тарихи, орзу-интилишлари, миллий хотираси ва мустақил келажакка бўлган ишончи мужассам.
Бир фикр бор. Миллатни унинг она тили танитса, давлатни дунёга унинг байроғи танитади. Дунёда минглаб тилларда сўзлашувчи халқлар мавжуд, аммо уларнинг барчаси ҳам мустақил давлатчиликка ва халқаро миқёсда тан олинган ўз байроғига эга эмас. Биз эса она тилимизга, давлатчилигимизга ва жаҳон узра мағрур ҳилпираб турган байроғимизга эгамиз. Бу — улкан тарихий бахт ва бебаҳо неъмат!
Бугун фарзандларимиз ва невараларимиз шу муқаддас қадриятлар бағрида улғаяётгани қалбга ғурур бағишлайди. Зеро, бугун бизга насиб этган мустақиллик ва давлат рамзларига эга бўлиш ҳуқуқи осмондан тушмаган. Бу йўлда қанчадан-қанча аждодларимиз курашган, жон фидо қилган, озодлик ва мустақиллик орзуси билан яшаган.
Шу боис байроққа эҳтиром давлат рамзига ҳурматни англатиши билан бирга аждодлар хотирасига, бугунги тинч ҳаётимизга ва келажак авлодлар олдидаги масъулиятимизга эҳтиром белгиси ҳамдир.
– Жаҳоннинг турли мамлакатларида бўлиб ўтаётган нуфузли тадбирлар, анжуманлар, халқаро кўргазмаларда Ўзбекистон байроғи ҳам мағрур ҳилпирайди. Сиз ҳам шундай ҳаяжонли жараёнларда кўнглингиздан қандай туйғулар кечади?
– Бундай лаҳзаларда ҳар бир инсон қалбида алоҳида ҳаяжон ва ифтихор туйғуси уйғонади. Айниқса, Ватандан олисда, халқаро анжуманлар, маданий тадбирлар ёки нуфузли кўргазмаларда Ўзбекистон байроғини кўриш кишига беихтиёр қаддини ростлатади, қалбига ғурур бағишлайди.
Турли мамлакатларда Ўзбекистон санъати, маданияти ва тарихини намоён этадиган тадбирларда иштирок этиш жараёнида бундай туйғуларни кўп бор ҳис қилишга тўғри келган. Байроғимиз халқаро майдонда ҳилпираган ҳар бир лаҳзада унинг ортида бутун бир халқ, унинг тарихи, маданияти, буюк алломалари ва бугунги бунёдкор авлоди турганини янада теранроқ англайсан.
Бугунги кунда Ўзбекистон байроғи жаҳон спорт ареналарида ҳам тобора кўпроқ баланд кўтарилмоқда. Ёзги ва қишки Олимпия, Паралимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ҳамда Осиё миқёсидаги нуфузли мусобақаларда байроғимиз энг кўп кўтариладиган миллий байроқлар қаторида мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Бу, аввало, спортчиларимизнинг матонати, меҳнати ва ғалабалари, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистон халқининг соғлом миллат бўлишига ва спорт соҳасига қаратаётган катта эътибори самарасидир.
Ҳар бир ғалаба маросимида байроғимизнинг баланд кўтарилиши нафақат спортчининг шахсий зафари, балки бутун халқимизнинг қувончи ва миллий ифтихоридир. Айниқса, санъат ва маданият соҳасидаги халқаро мулоқотларда байроғимиз мамлакатимизнинг ўзига хос маданий қиёфаси, бой цивилизациявий мероси ва замонавий салоҳиятини намоён этади.
Байроқ – мамлакатнинг халқаро майдондаги тимсоли. Унинг ҳар бир ҳилпираши ортида давлатнинг обрўси, халқнинг ғурури ва мустақилликнинг қадри бор. Янги Ўзбекистон даврида пойтахтимиз ҳамда ҳар бир вилоят ва шаҳарлар марказида байроқлар баланд-баланд флагштокларда ҳилпирай бошлагани ҳам алоҳида ғурур бағишлайди.
Байроғимиз юксакларда ҳилпираши учун фақатгина баланд флагшток эмас, балки унинг ортидаги илм-фан, маданият, иқтисодиёт, спорт, маърифат ва инсон салоҳияти ҳам юксак бўлиши керак. Ўзбекистон байроғи дунёда нафақат расмий маросимларда, балки олимларимиз, спортчиларимиз, санъаткорларимиз, тадбиркорларимиз ва ёшларимизнинг ютуқлари билан ҳам мағрур ҳилпираши лозим.

– Юртимизда давлат рамзларига нисбатан ёшларда ҳурмат ва эҳтиром туйғуларини янада кучайтириш борасида нималарга эътибор қаратиш керак, деб ўйлайсиз?
– Бу борада, аввало, ёшларга давлат рамзларининг ташқи кўриниши ва расмий мақоминигина эмас, балки уларнинг тарихий, маънавий ва фалсафий моҳиятини ҳам чуқур тушунтириш зарур. Болаларимиз байроғимиздаги ҳар бир ранг, ҳар бир белги нимани англатишини билиши билан бирга, унинг ортида қандай тарих, қандай орзу ва қандай кураш турганини ҳам англаб улғайиши лозим.
Бу ишни фақат мактаб дарслари ёки расмий тадбирлар билан чеклаб бўлмайди. Оилада, таълим муассасаларида, музейларда, театрларда, кино ва оммавий ахборот воситаларида давлат рамзларига ҳурмат маданиятини шакллантиришимиз керак. Айниқса, ёш авлодни миллий тарихимиз ва мустақиллик қадрини англашга ўргатиш муҳим.
Учта муқаддас тушунча бор – она тили, давлатчилик ва Ватан байроғи. Уларнинг ҳар бири халқнинг борлиги, ўзлигини англаши ва келажагини белгилайди.
Бу неъматларга эришиш учун аждодларимиз қанчадан-қанча азоб-уқубатларни бошдан кечирганини, жон фидо қилиб курашганини ёшларимиз унутмаслиги керак. Бугунги тинчлик ва мустақиллик учун шукрона қилиш, уларни турли таҳдидлардан кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Истиқлол эстафетасини қабул қилиб оладиган ёшларимиз нафақат билимли ва замонавий фикрлайдиган, балки юксак ақл-заковат, мустаҳкам ирода, миллий ғурур ва фуқаролик масъулиятига эга бўлиши керак. Зеро, байроқни ҳурмат қилиш — унинг қаршисида бош эгиш билангина эмас, балки шу байроқ остида яшашга муносиб бўлиш, Ватан равнақига ўз ҳиссасини қўшиш билан намоён бўлади.
Ўзбекистон байроғи халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажаги, мустақиллигимиз ва миллий ғуруримизнинг муқаддас тимсолидир. У доимо баланд ҳилпираб турсин!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.