Албанияда давом этаётган U23 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатининг юнон-рум кураши баҳслари поёнига етди.
Қувонарлиси, ортда қолган беллашувлар сарҳисобига кўра, терма жамоамиз аъзоси Алишер Ғаниев Ўзбекистон юнон-рум кураши тарихида илк бор ушбу ёш тоифасида жаҳон чемпионлигига эришди.
Кеча юнон-рум кураши баҳсларининг сўнгги кунида ҳамюртимиз Дониёрхон Накибов -77 килограммда бронза медали учун эронлик Али Оскоу билан куч синашди. Мураккаб кечган баҳсда омад эронлик курашчига кулиб боқди.
Бугун ва эрта жаҳон чемпионатида аёллар кураши мусобақалари ўтказилса, 26 октябрь куни эркин кураш беллашувларига старт берилади. Айнан шу куни ҳамюртимиз Умиджон Жалолов -65 кило оғирликда жаҳон чемпионати баҳсларига киришади.
– Ўтган йили 20 ёшгача бўлган курашчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритгандим. Шундан бери чемпионлик йўлида қаттиқ меҳнат қилдим. Бу йилги Осиё чемпионатида совринли ўринларга кўтарила олмаган бўлсам-да, асосий эътиборимни жаҳон чемпионатига қаратгандим. Шукур, мақсадимга эришдим. Ўйлайманки, бу янада юқори натижаларга эришишда катта руҳий қувват бўлади, – дейди Алишер Ғаниев.
Жаҳон чемпионати 27 октябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА