Шахмат: Нодирбек Абдусатторов бугун Ян-Кшиштоф Дудага қарши дона суради
Бугун, 12 ноябрь куни Венгриянинг Будапешт шаҳрида шахмат бўйича янги форматда ўтаётган “Total Chess World Championship Tour 2026” мусобақаси “Fast Classic” форматидаги баҳсларнинг иккинчи кунида Нодирбек Абдусатторов “А” гуруҳида польшалик Ян-Кшиштоф Дуда билан 3-4-тур ўйинларида куч синашади.
Кеча мазкур “Fast Classic” форматидаги мусобақаларда 6 та гуруҳга тақсимланган 24 нафар шахматчи дастлабки тур ўйинларида тўнаш келишди.
Мусобақанинг “А” гуруҳи 1- ва 2-турларида Абдусатторов франциялик Алиреза Фирузжага қарши дона суриб, 1 та мағлубият, 1 та дуранг натижасини қайд этди.
Мукофот жамғармаси 650 минг АҚШ долларини ташкил этувчи янги форматдаги турнирнинг кечаги баҳслари натижасига кўра, “А” гуруҳида Ян-Кшиштоф Дуда ва Алиреза Фирузжа 4 очко жамғаришга муваффақ бўлди.
Америкалик Левон Аронян ҳамда нидерландиялик Жорден ван Форест 3 очкога эга чиқишди. Абдусатторов ва Эндрю З.Хонг 1 очко билан кифояланди.
Шунингдек, “Б” гуруҳида АҚШ вакили Фабиано Каруана ва вьетнамлик Лием Ле, “С” гуруҳида россиялик Ян Непомняший, “Д” гуруҳида франциялик Максим Вашье-Лаграв 4 очко билан пешқадамлик қилмоқда.

“Total Chess World Championship Tour 2026” чемпионатининг “Fast Classic” форматидаги баҳслари 9 та турдан иборат бўлиб, 15 ноябрга қадар давом этади.
Ҳар бир гуруҳ ғолиби чемпионлик учун ўтказиладиган плей-оффга йўл олади. Қолган иштирокчилар эса гуруҳдаги ўрнига қараб алоҳида плей-офф баҳсларида курашни давом эттиради. Гуруҳларда 2-ўринни эгаллаганлар 5–8-ўринлар, 3-ўринни эгаллаганлар эса 9–12-ўринлар учун беллашади.
Турнир ғолиби 20 ноябрь куни аниқланади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА