Ёшу қари табиат учун бирлашди
Урганч шаҳридаги Шовот канали бўйида Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилоят кенгаши ташаббуси билан “Табиат учун бирлашайлик!” шиори остида эковеломарафон ташкил этилди.
Унда вилоят спорт бошқармаси, Велоспорт федерацияси, “Нуроний” жамғармаси ҳудудий бўлими фаоллари, суд тизими вакиллари, мактабгача ва мактаб таълими соҳаси ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳоли орасида экологик маданиятни ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ғояларини кенг тарғиб этиш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштиришдан иборат.

– Бугунги кунда жисмоний фаоллик инсон саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил ҳисобланади, – дейди Экологик партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши раиси Камолбек Жуманиёзов. – Велоспорт эса нафақат организмни чиниқтиради, балки юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилайди, кайфиятни кўтаради ва инсонда фаол ҳаёт тарзини шакллантиради. Шу маънода, мазкур веломарафон иштирокчиларга соғлом турмуш тарзининг аҳамиятини яна бир бор намоён этди. Бу тадбирларни амалга оширишимизда давлатимиз раҳбарининг “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бизга дастуриламал бўлмоқда.
Иштирокчилар Урганч шаҳридан оқиб ўтувчи Шовот канали бўйлаб Янгиобод маҳалласи ҳудудидан Жалолиддин Мангуберди мажмуасигача бўлган жами 3,5 километрни босиб ўтди.

Табиатни муҳофаза қилиш, экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятини кенгайтириш ва жамоатчиликни эзгу мақсадлар атрофида бирлаштиришга хизмат қилган “Табиат учун бирлашайлик” шиори остида ўтказилган ушбу веломарафон соғлом ҳаёт, мусаффо атроф-муҳит ва жамиятда ҳамжиҳатликни таъминлаш йўлида муҳим ташаббус сифатида катта аҳамият касб этади.

Марафонда ёшлар, нуронийлар ҳамда соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватловчи барча фуқаролар иштирок этди. Тадбир сўнггида фаол иштирокчилар партиянинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(Сурат),
ЎзА мухбирлари