Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги "Лочин" оромгоҳида "Ёшлик энергияси" шиори остида илк бор ёқилғи-энергетика комплекси ёшларининг биринчи Ёшлар форумига старт берилди.
Энергетика вазирлиги томонидан Ўзбекистон энергетика, нефть ва газ саноати ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши, ёқилғи-энергетика комплекси ташкилотлари ва ихтисослаштирилган институтлар ҳамкорлигида ташкил этилган форумда маҳаллий иштирокчилар қаторида Россия Федерацияси ва Беларусь давлатларидан келган ёшлар қатнашмоқда.
Ижтимоий фаол, иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг профессионал ва ижодий фаолиятини такомиллаштириш, энергетика тизими компаниялари ва ташкилотлари, хорижий компаниялар ва касаба уюшмаларининг фаол ёшлари ўртасида ҳамкорликни ташкил этиш, ёшларнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишда умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда мазкур форум муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Жорий йилнинг 27 февраль куни энергетика вазири Алишер Султановнинг Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида ёқилғи-энергетика комплекси соҳасидаги ёшлар билан очиқ-мулоқот шаклида ўтказган учрашувида мазкур форум ташкил этилиши эълон қилинган эди.
- Энергетика вазирлиги биринчи бор энергетика соҳасидаги турли ташкилотларнинг вакиллари бўлган турли хил касб ва ижтимоий фаолиятдаги истеъдодли ва фаол ёшларнинг катта делегациясини қабул қилмоқда, - деди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Эльмира Бекмуродова.
- Хусусан, “Eriell Group” компаниясининг ёш мутахассислари ва ишчи-ходимлари, Ўзбекистондаги энг йирик хорижий инвестор компания – “ЛУКОЙЛ Узбекистан Оперейтинг Компани” МЧЖ ёшлари, Марказий Осиё ва Россия Федерациясидаги нефть-газ ва саноат қурилиш бозоридаги энг йирик “EPC” компаниясининг ёш мутахассислари, “Enter Engineering” Pte. Ltd компанияси инновацион лойиҳа тақдимотлари, шунингдек, “ACWA Power”, “Masdar” ва “Siemens Energy” каби бошқа компаниялар иштирок этмоқда. Форум иштирокчиларининг умумий сони 500 нафардан ортиқни, жумладан, ёқилғи-энергетика соҳасидаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларни ташкил этди.
Мамлакат ёқилғи-энергетика соҳасининг ривожланиши – соҳа ёшларининг саъй-ҳаракатлари ва муваффақиятларига ҳам боғлиқ. Форумнинг асосий ғояси “Баркамол ёш мутахассис – қудратли юрт таянчи!” шиори билан белгиланади. Уни амалга ошириш доирасида 19-23 май кунлари ёшлар учун “Тизимли ва креатив фикрлаш”, “Шахсий ўсиш ва ўз-ўзини ривожлантириш”, “Лойиҳа ва жараёнларни бошқариш”, “Индивидуал ва жамоавий ишлаш”, “Соҳалараро алоқа” каби йўналишлар бўйича маҳорат дарслари ўтказилади.
- Аввало, бугунги нуфузли форумда иштирок этаётганимдан жуда хурсандман, - деди Шўртан газ кимё мажмуаси ёш мутахассиси Шахзод Ҳасанов. - Мазкур форум турдош корхоналарда ишлаётган тенгдошлар билан бевосита мулоқотга киришиш, улар билан тажриба ва фикр алмашиш ҳамда жамоавий бўлиб, ҳамжиҳатликда ишлашга туртки беради.
Давлатимиз раҳбари томонидан барча соҳалар қатори юртимизда ёшларни ҳар томонлама етук ва комил инсон қилиб тарбиялаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилинишида катта маъно бор. Шу жиҳатдан келиб айтадиган бўлсам, бугунги Шўртан газ кимё мажмуаси тасарруфидаги "Лочин" оромгоҳида бошланган Ёшлар форуми ҳам мана шундай эзгу ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.
Шунингдек, атом энергетикаси форумнинг алоҳида мавзуси бўлади. Унда “Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси кўмагида Атом технологиялари бўйича ахборот марказининг (АТАМ) чиқиш зонаси ташкил этилади, бу ерда иштирокчилар ядро технологиялари соҳасидаги билимларини синовдан ўтказади.
Форумда “Eriell Group” компаниясининг ёш мутахассислари ва муҳандисларининг компания фаолияти тўғрисидаги тақдимоти ҳам бўлиб ўтади.
Унда мутахассислар бурғилаш соҳасида юқори технологияли хизмат кўрсатишга замонавий ёндашувлар ҳақида сўзлаб беради ва республикадаги энг мураккаб лойиҳаларни амалга ошириш тажрибаси билан ўртоқлашади.
Шунингдек, тақдимотда ҳар бир иштирокчи Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатида муваффақиятли фаолият кўрсатаётган энг йирик хизмат кўрсатувчи компаниялар тўғрисида қўшимча маълумот олиши мумкин бўлади.
Форум 23 майга қадар давом этади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА.