Ёшлар учун Германиядан янги имкониятлар
Бугунги глобаллашув даврида халқаро меҳнат миграцияси мамлакатлар иқтисодиёти ва ёшлар ривожланишининг муҳим омилига айланди.
Хусусан, Ўзбекистон ва Германия ўртасида имзоланган ҳукуматлараро миграция ва мобиллик тўғрисидаги битим мамлакатимиз ёшлари учун Европанинг энг ривожланган давлатида хавфсиз, тартибли ва қонуний равишда касб эгаллаш ҳамда меҳнат қилиш учун кенг имкониятлар эшигини очди. Бугунги кунда ёшларни мақсадли касбга йўналтириш, немис тилини мукаммал ўргатиш ва уларни Германия меҳнат бозори талабларига мос равишда тайёрлаш тизими давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Шунга кўра, “Ёшлар оромгоҳи”да Ёшлар ишлари агентлиги ва “GIZ“ ҳамкорлигида ёшларни касбга йўналтириш ҳамда Германияга хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясига тайёрлашга қаратилган 3 кунлик семинар ташкил этилди.

Семинарда республикамизнинг барча ҳудудларидан 70 нафардан ортиқ ёш иштирок этди. Дастур давомида ёшларга Германиялик мутахассислар, Ички ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги, Касбий таълим агентлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар экспертлари томонидан ёшларга Германияда малакали иш топиш талаблари, мавжуд дастурлар, касбий ривожланиш ва қонуний меҳнат миграцияси бўйича амалий тавсиялар берилди.

Мақсад — ёшларнинг касбий имкониятларини кенгайтириш ва халқаро меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборатдир.
Г.Бобоева, ЎзА