Ёшлар учун Германия "эшиклари" очилмоқда
Бухоро вилоятида ёшларни муносиб иш билан таъминлаш, уларнинг хорижда қонуний ва хавфсиз меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда. Айниқса, Германия билан меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқиб, юртдошларимиз учун кенг имкониятлар яратмоқда.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Бухоро ҳудудий филиали ташаббуси билан вилоятнинг 110 нафар ёш фуқароси Германияда ишлаш учун меҳнат шартномаларини қўлга киритди. Бу эса нафақат ёшларнинг бандлигини таъминлаш, балки уларнинг касбий салоҳиятини халқаро меҳнат бозорида намоён этиши учун ҳам муҳим қадам бўлди.

Маълумки, вилоятда гўшт маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаси бўйича фуқароларни немис тили, касб-ҳунар ва маданиятга ўқитиш орқали Германияга ишга жойлаштириш тизими аввалдан йўлга қўйилган. Мазкур дастур доирасида жорий йилнинг ўзида 30 нафар фуқаро тартибли, хавфсиз ва ташкиллаштирилган тарзда Германияга ишга юборилди. Энди эса яна 110 нафар ёш меҳнат шартномасига эга бўлиб, хорижда расмий фаолият юритиш имкониятини қўлга киритди.
Тантанали тадбирда меҳнат шартномаларини Германиянинг йирик озиқ-овқат компанияларидан бири — “Tonnies Premium Food Group” корхонаси кадрлар менежери Томас Фёрстер ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёров топширди. Тадбир давомида ёшларга хорижда меҳнат қилиш жараёни, иш шароитлари ва қонуний меҳнат миграциясининг афзалликлари ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, учрашув чоғида айни пайтда Германияда меҳнат қилиб юрган бухоролик ёшлар билан онлайн мулоқот ташкил этилди. Вилоят ҳокими ўринбосари улар билан суҳбатлашиб, иш шароитлари, яшаш муҳити ва ойлик маошлари ҳақида қизиқди. Ёшлар ўз навбатида Германиядаги имкониятлар, меҳнат муҳити ва қўллаб-қувватлаш ишларидан мамнун эканликларини билдирди.
Эътиборли жиҳати, мазкур лойиҳа доирасида 20 нафар навоийлик фуқаро ҳам меҳнат шартномасини қўлга киритди. Шу билан бирга, келгусида Наманган ва Нукус шаҳарларида ҳам ушбу ташаббусни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди. Бу эса лойиҳанинг қамрови кенгайиб, янада кўпроқ ёшларнинг қонуний меҳнат миграцияси орқали иш билан таъминланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Тадбир якунида иштирокчилар Миграция агентлиги томонидан Бухоро вилоятида амалга оширилаётган бошқа йирик лойиҳалар билан ҳам яқиндан танишди. Мутахассислар томонидан ёшларни касбга тайёрлаш, тил ўргатиш ва халқаро меҳнат бозори талабларига мос мутахассис этиб тайёрлаш борасидаги ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Бу каби ташаббуслар ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбаини ошириш ва энг муҳими, хавфсиз ҳамда қонуний меҳнат миграциясини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири