Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳридаги Тошкент кимё технология институтининг Янгиер шаҳар филиалида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов ҳамда талаба-ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди.
Тадбир аввалида вилоят раҳбари филиалдаги “Ўзбекистон–Хитой” устахонаси, Тил маркази ҳамда ёш олимлар амалга ошираётган илмий лойиҳалар кўргазмаси билан танишди. Хусусан, талабалардан Ислом Турдиқуловнинг экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган “Пластик полимерлар биопарчаланишини таъминловчи қўшимча” номли лойиҳаси ҳоким эътиборини ўзига тортди. Эркинжон Турдимов мазкур ишни юқори баҳолаб, уни амалиётга жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.
[gallery-25269]
Шундан сўнг вилоят раҳбари ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилди. Суҳбат давомида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган масала ва таклифларини очиқ билдиришди.
– Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, одамларнинг яхши яшаши учун кучли иқтисодиёт зарур. Кучли иқтисодиёт эса янги товарлар, хизматлар ва технологиялар орқали барпо этилади. Бунинг учун энг аввало сифатли, юқори даражадаги таълим бўлиши шарт. Мақсад фақат диплом олиш эмас, балки билим ва касб-ҳунарни эгаллаш бўлиши керак, – деди Э. Турдимов ёшларга мурожаат қилиб.
Учрашувда талабалар томонидан бир қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Улар орасида Гулистон шаҳридан филиалгача автобус қатновини йўлга қўйиш, “Банк соатлари” машғулотларини ўтказиш, йирик тадбиркорлар иштирокида “Мастер-класс” дарсларини ташкил этиш, ёш оилали ўқитувчилар учун уй-жой қуриш каби масалалар бор. Шунингдек, мулоқотда “Ҳоким билан бир кун” лойиҳаси, ёшлар ўртасидаги фан олимпиадаларини кўпайтириш, болалар майдончаларини таъмирлаш, талабалар учун озиқ-овқат дўкони ва саҳарлик кафеси очиш таклифлари ҳам билдирилди.
Айниқса, талабалар ўртасида вилоят ҳокими кубоги учун “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловини ўтказиш ҳақидаги ташаббус Э. Турдимовда катта қизиқиш уйғотди. Талабалар ғолиблар учун 15, 10 ва 5 миллион сўмлик мукофотлар белгилаш таклифини берган бўлсалар, вилоят раҳбари бу рақамларни янада ошириш кераклигини айтди.
– Биринчи ўрин учун 50 миллион, иккинчи ўрин учун 30 миллион, учинчи ўрин учун эса 20 миллион сўм ажратилади. Бу бўйича тегишли қарор қабул қилинади, – деди вилоят раҳбари.
Учрашувда билдирилган таклиф ва мурожаатлар тингланиб, айримлари шу заҳоти ҳал этилди. Муддат талаб этувчи масалалар эса тегишли ташкилотлар раҳбарларига юклатилди.
Янгиерда ўтган очиқ мулоқот ёшлар учун ўз ғояларини эркин ифода этиш, амалий таклифларини етказиш имкониятини берди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/0Mkv75jcsrU?si=bnreaNOK79wlp55Q" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғулом Примов, ЎзА мухбири