Вазир ва ёшлар мулоқоти
Ёшларга таянган юртнинг келажаги шубҳасиз ёруғ бўлади. Зеро, ёшликдаги шижоат ва матонат миллат эртасининг буюклигини таъминлайди. Мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсат ҳам айнан шунга қаратилган. Ўз ғояси ва мақсади бор ёшларга бугунги сиёсат чексиз имкониятлар майдони десак, янглишмаймиз.
Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган Ёшлар куни ҳам юксак марралар сари қўйилаётган дадил ва илдам қадам бўлгани сир эмас. Ҳар ҳафта пайшанба куни улкан ғояларнинг пойдевори сифатида ҳақиқий байрамга айланмоқда. Раҳбар ва ёшлар учрашувининг анъанавий давоми ўлароқ, "Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" миллий тадқиқот университетида олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов иштирокида талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.


Учрашувда юртимиз олий таълим тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, таълим сифати ва илм-фан салоҳиятини юксалтириш, инновацион муҳитни ривожлантириш ҳамда замонавий ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масалалари хусусида атрофлича фикр алмашилди.
Мулоқот давомида талабаларнинг стартап ва инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, хорижий тилларни пухта ўрганиш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни ўзлаштириш, илмий фаолликни ошириш, ёшлар бандлигини таъминлаш каби долзарб йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.


Талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва ташаббуслари билан фаол иштирок этиб, таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Якунда билдирилган таклифлар ва илгари сурилган ташаббуслар бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шербек Исломов, ЎзА