Ёшлар билан учрашув
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Нуразизов чет элларда таълим олаётган ва ишлаётган ёшлар билан видеоалоқа орқали учрашув ўтказди.
Унда ёшлар Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги элчихоналари, ўқиш ва иш жойларидан онлайн тарзда иштирок этди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар пайшанба куни мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб белгиланди. Шу асосда ёшлар билан яқиндан мулоқот йўлга қўйилиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида жойларда учрашувлар ташкил этилмоқда.

Бандлик, миграция, камбағалликни кескин қисқартириш ва ёшлар муаммоларини тизимли ўрганиш мақсадида ташкил этилган тадбирда Жўқорғи Кенгес раиси ўринбосари Р.Нуразизов сўнгги йилларда Президентимизнинг алоҳида эътибори билан Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, аҳоли фаровонлиги йўлида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ва амалий чора-тадбирларни таъкидлаб ўтди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда ёшлар томонидан кўтарилган ҳар бир масала белгилаб олиниб, уларга тез фурсатда ижобий ечим топиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.