Ёшлар бандлиги ва касб-ҳунар – келажакка мустаҳкам қадам
O‘zLiDeP Урганч шаҳар Кенгаши “Ёшлар қаноти” ташаббуси билан Урганч шаҳридаги Касбий кўникмалар марказида ёшларнинг касбий салоҳиятини ошириш, уларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш ҳамда бандлигини таъминлашга қаратилган тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир давомида марказ мутахассислари томонидан ёшлар ва хотин-қизларга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, қисқа муддатли ўқув курслари, касбга қайта тайёрлаш ва малака ошириш имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, касб эгаллаш орқали мустақил даромад топиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича амалий тавсиялар билдирилди.
– Бугунги меҳнат бозори кечагисидан тубдан фарқ қилади, – дейди шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Дониёр Жуманиёзов. – Эндиликда фақат дипломга эга бўлиш кифоя эмас, балки бозорда ҳақиқий талаб мавжуд бўлган амалий кўникмаларни эгаллаш зарур. Ёшларимизнинг Касбий кўникмалар марказида қисқа фурсатда замонавий ҳунарларни ўрганиши уларнинг тезроқ иш топиши ва мустақил даромад манбаига эга бўлишига хизмат қилади. Партиянинг бош ғояси ҳам тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлгани боис, марказ битирувчилари келажакда янги иш ўринлари яратувчи кичик тадбиркорларга айланиши керак.
[gallery-30415]
Тадбир якунида иштирокчилар мамлакатимизда ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашиб, бундай амалий учрашувлар аҳолининг, айниқса, ишсиз ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, муносиб касб эгаллаши ҳамда оилавий даромадини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари