Ёшлар бандлиги таъминланиб, ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда
Ёшнинг ишли бўлиши — оиласига даромад, касб эгаллаши — келажагига ишонч, тадбиркорликка қўл уриши эса янги имкониятлар сари қадамдир. Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни замонавий касбларга йўналтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва мустақил даромад топишига кўмаклашиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Бу жараёнда ҳар бир ёшнинг қизиқиши, қобилияти ва эҳтиёжини инобатга олиш, муаммоларига манзилли ечим топиш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш муҳим ўрин тутади.
Жорий йил бошидан буён тумандаги 192 нафар ишсиз ёш билан манзилли иш олиб борилиб, уларнинг 181 нафари бандлиги таъминланди. Кимдир доимий ишга жойлаштирилди, кимдир ўзини ўзи банд қилишга йўналтирилди, яна бир гуруҳ ёшларга эса деҳқончилик ва тадбиркорлик билан шуғулланиш учун имконият яратилди.

— Ёшлар бандлигини таъминлашда, аввало, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳар бирига мос ечим топишга ҳаракат қиляпмиз. Жумладан, 25 нафар ёш доимий ишга жойлаштирилди, 20 нафари ўзини ўзи банд қилди. 108 нафар ёшга деҳқончилик билан шуғулланиши учун ер майдонлари ажратилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги 9 нафар ёш кредит олди, 5 нафари зарур асбоб-ускуналар билан таъминланди. Шунингдек, 2 нафар ёш муддатли ҳарбий хизматга юборилди, 1 нафари олий ёки профессионал таълимга қабул қилинди. Яна 11 нафар ёшни касб-ҳунар ва замонавий мутахассисликларга ўқитиш ишлари давом этмоқда, — деди туман ҳокимининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Сирожиддин Кенжаев.
Бу рақамлар ортида ёшларнинг янги ҳаётга қўяётган қадамлари, келажакка бўлган ишончи ва ўз меҳнати билан даромад топишга интилиши мужассам. Зеро, ишли бўлган ёшнинг оиласига кўмаги ортади, касб эгаллаган йигит-қизнинг эртанги кунга ишончи мустаҳкамланади. Тадбиркорликни бошлаган ёш эса нафақат ўзини, балки келгусида бошқаларни ҳам иш билан таъминлаши мумкин.

Ёшлар бандлигини таъминлашда касб-ҳунар ўргатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил бошидан буён 203 нафар ёш турли касбларга ўқитилиб, сертификатларга эга бўлди. Улар автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, аёллар ва эркаклар сартарошлиги, бухгалтерия, электромонтёрлик, карвинг, компьютер графикаси каби йўналишларни ўзлаштирди.

Бугун меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбни эгаллаш ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Кимдир хизмат кўрсатиш соҳасида иш бошлаши, бошқаси техник мутахассис сифатида фаолият юритиши, яна бири эса ўз билими ва маҳорати асосида мустақил бизнесини йўлга қўйиши мумкин. Муҳими, касб ўрганиш ёшларга тайёр иш ўрнини кутиш эмас, балки ўз имкониятларини ишга солиш орқали даромад топиш йўлини кўрсатади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ёшлар билан ўтказган учрашувида ҳам замонавий касбларни эгаллаш, таълим имкониятларини кенгайтириш, ёшлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Давлат раҳбари ёшларнинг билим ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар этиб тайёрлаш муҳимлигини таъкидлади.

Мирзаобод туманида ҳам ёшларнинг тадбиркорлик ғояларини амалга ошириши учун молиявий имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, «Келажакка қадам» дастури доирасида 19 нафар битирувчига 627 миллион сўм, «Ёшлар бизнес дастури» орқали 3 нафар ёшга 2 миллиард 387 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Шунингдек, 3 та лойиҳани амалга ошириш учун 300 миллион сўм йўналтирилди. Умуман, йил бошидан буён 183 нафар ишсиз ёшга жами 4 миллиард 215 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилган.
Албатта, тадбиркорликка қадам қўйиш учун маблағнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунинг учун аниқ мақсад, пухта режа, меҳнат ва изланиш ҳам зарур. Ажратилган кредитдан самарали фойдаланиб, ўз ишини йўлга қўйган ёш нафақат шахсий даромадини оширади, балки янги иш ўринлари яратилишига ҳам ҳисса қўшиши мумкин. Шу маънода, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш оилавий фаровонлик билан бирга, ҳудуд иқтисодий тараққиётига ҳам хизмат қилади.

Туманда битирувчилар ва ишсиз ёшлар билан ишлаш ҳам изчил давом этмоқда. Жумладан, 1 минг 491 нафар битирувчи ва ишсиз ёш 26 нафар масъул раҳбарга бириктирилган. Бугунги кунга қадар уларнинг 607 нафари бандлиги таъминланган, қолган 884 нафар ёш билан эса манзилли иш олиб борилмоқда.

Ёшларнинг муаммоларини эшитиш ва уларга амалий ечим топиш мақсадида учрашувлар ҳам ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг 24 февралидан буён ўтказилган 125 та учрашувда 1 минг 748 нафар ёш иштирок этди. Мулоқотлар давомида 225 та муаммо ва таклиф билдирилиб, уларнинг 213 таси ижобий ҳал этилди. Қўшимча вақт талаб қиладиган 12 та масала эса «Йўл харитаси»га киритилди.
Мурожаатлар орасида ер ажратиш, имтиёзли кредит олиш, доимий ишга жойлашиш, ноутбук билан таъминлаш, даволаниш, таълим контрактини тўлаш, илм-фан тўгаракларига қатнашиш ва касб-ҳунар ўрганиш каби масалалар бор. Бу эса ёшлар билан ишлаш фақат бандликни таъминлашдан иборат эмаслигини, уларнинг таълими, ижтимоий эҳтиёжлари ва шахсий ривожланиши билан боғлиқ масалаларни ҳам қамраб олишини кўрсатади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам аҳолини даромадли меҳнатга жалб этиш, маҳаллаларда иқтисодий имкониятларни кенгайтириш ва ҳар бир инсоннинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш вазифалари белгилаб берилди. Бу вазифаларнинг ҳаётдаги ифодаси, аввало, одамларнинг ишли бўлиши, даромад топиши ва ўз келажагига ишонч билан қарашида намоён бўлади.
Мирзаободда ёшлар билан ишлашда ҳам ана шу мақсад устувор. Ёшларнинг касб эгаллаши, тадбиркорликка қадам қўйиши, ўзини ўзи банд қилиши ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиши учун шароит яратиш орқали уларнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.

— Зеро, ёшларга берилган имконият — бу фақат бугунги куннинг кўмаги эмас, балки эртанги оила фаровонлиги, маҳалла тараққиёти ва жамиятнинг иқтисодий салоҳиятига қўйилган сармоядир. Бугун касб-ҳунар ўрганаётган, меҳнат қилаётган ва ўз ғояларини амалга оширишга интилаётган ҳар бир ёшнинг муваффақияти келгусида жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшади, — деди Мирзаобод тумани ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Сирожиддин Кенжаев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири