Ёшлар бандлиги: ишонч, рағбат ва масъулият
Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, имконият ва салоҳиятларини юзага чиқаришларига кўмаклашиш, айниқса, бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда Андижон вилояти аҳолисининг қарийб 53 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятда ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқариши, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун кенг имкониятлар эшиги очилган.
Андижон вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган зарур ишлар олиб борилмоқда.
Йил бошида вилоятдаги маҳаллада ёшлар етакчилари томонидан хатлов ўтказилиб, ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилди. Ана шу ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида йўл хариталари ишлаб чиқилиб, режалар белгиланди. Жумладан, ҳар бир маҳалла бўйича “Ёшлар бандлик дастур”лари ишлаб чиқилиб, 9 минг 880 нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлаш режа қилинди.
Уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш учун туман, шаҳар, вилоят даражасидаги 569 нафар масъул раҳбарлар бириктирилди.
– Ана шу мақсад йўлида олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида 9,5 минг нафар ёки 97 фоиз ишсиз ёшнинг бандлиги таъминланди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Aндижон вилояти бошқармаси бошлиғи Акмалжон Тангирқулов. – Хусусан, уларнинг 7 минг 674 нафари корхона, ташкилот ва муассасалардаги доимий иш ўринларига жойлаштирилди, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган 678 нафар ёшга 13 миллиард 947 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди, 20 нафарига 7,9 гектар ер майдони, 357 нафарига турли жиҳозлар харид қилиш учун субсидия ажратилди.
Андижонда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари, якка тартибдаги тадбиркорларнинг салмоқли қисмини 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар ташкил этади. Бундан ташқари, юридик шахс сифатида фаолият олиб бораётган вилоятдаги тадбиркорлик субъектларининг қарийб 15 фоизига ёшлар раҳбарлик қилиб келмоқда. Бу вилоятда ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг амалий самарасидир.
[gallery-29901]
Жорий йилнинг биринчи чорагида барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 678 нафар ёшнинг бизнес лойиҳаларини амалга ошириш учун 13 миллиард 947 миллион сўм миқдорида кредит ажратилган бўлса, кейинги уч ойда ёш тадбиркорларга кредит ажратилиш ҳажми бир неча баробарга ортди. Ана шу кредитлар ҳисобига янги лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
Масалан, “Алоқабанк”томонидан амалга оширилаётган “Ёшларбизнеси” дастури доирасида шу йилнинг ўтган даврида 786 нафар ташаббускор ёш тадбиркорга 81,2 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар тақдим этилди.
– Менга “Ёшлар бизнеси” дастури доирасида 1 миллиард 500 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Ушбу кредит ҳисобига газланмаган ичимлик сувини қадоқлаш йўналишида ўз тадбиркорлигимни бошладим, 20 нафар тенгдошимнинг бандлигини таъминладим, – дейди Андижон тумани, Чўнбоғич маҳалласида яшовчи Жавлонбек Ҳабибуллаев.
Бундан ташқари, Президентимизнинг 2025 йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан амалга оширилаётган “Келажакка қадам” дастури доирасида олий таълим муассасаларида “Келажакка қадам” марказлари ташкил этилиб, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича зарур ишлар олиб борилди.
Умуман, мазкур қарор ижроси доирасида бугунги кунга қадар вилоятдаги олий ўқув юртларининг 758 нафар битирувчисига бизнес лойиҳаларни амалга ошириш учун 32 миллиард 382 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.
– “Ўзмиллийбанк”дан ажратилган 1 миллиард сўм кредит ҳисобига Андижон шаҳрида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш маркази ташкил этдим, – дейди Андижон давлат тиббиёт институти битирувчиси Назирахон Сапиохунова. – Хориждан илғор, замонавий тиббий ускуналар сотиб олиб, ишга туширдим. Ҳозирда 5 нафар киши, асосан ёшлар меҳнат қилаётган марказимизда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Келгусида марказимизнинг янги филиалларини очиш, фаолиятимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
– “Бизнесга биринчи қадам” дастури доирасида мен ўзим яшаётган Қўрғонтепа туманида ўқув маркази ташкил этганман, – дейди Андижон давлат педагогика институти битирувчиси Раъно Тўхтасинова. – Марказ фаолиятини кенгайтириш учун тақдим этган бизнес-лойиҳам маъқулланиб, менга банк томонидан 90 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилганлигидан хурсандман. Мен каби кўплаб тадбиркор ёшларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланаётганлиги учун, аввало, Президентимизга, мутасаддиларга раҳмат айтаман.
Дарҳақиқат, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган олий ўқув юртларининг битирувчилари кўрсатилаётган эътибор ва кўмакдан хурсанд бўлмоқда.
– Мен юртимизда ёшларга, тадбиркорларга кўрсатилаётган эътибор ва кўмакдан фойдаланиб, ўз бизнесимни йўлга қўйдим, – дейди Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти битирувчиси Аброрбек Сатторов. – Ташкил этган корхонамда нафақат ўзим, балки бир неча ёшнинг ишлаб, даромад топишига кўмаклашаётганимдан, юртимиз ривожига ҳисса қўшаётганимдан хурсандман.
Бир сўз билан айтганда, Андижон вилоятида ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари