Ёш ватанпарварлар “ваъда берди”
Навоий шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда “Жасорат мактаблари”га қабул қилинган ўқувчиларнинг тантанали “Ваъда бериш” маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 ноябрдаги “Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб Навоий вилоятида ҳам 11 та “Жасорат мактаби” фаолияти йўлга қўйилди.
Жорий йилда “Жасорат мактаби”га кириш учун ариза топширган умумтаълим мактабларининг 4-синфини тугатган 854 нафар ўқувчи икки босқичда тест ва жисмоний тайёргарлик юзасидан синовдан ўтишди. Танлов натижаларига кўра, жами 286 нафар ўқувчиси вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳрида ташкил этилган “Жасорат мактаби”нинг 5-синфига қабул қилинди.
– Мен ушбу мактабга қабул қилинганимдан фахрланаман, – дейди Хатирчи туманидаги “Жасорат мактаби” ўқувчиси Жавлонбек Акбаров. – Бугун Ватаним, тенгдошларим ва ота-онам олдида она Ватанимни севишга, уни ҳар қандай ҳолатда ҳам асраб-авайлаш ва ҳимоя қилишга, Президентим ва халқимга хизмат қилишга тантанали ваъда бердим. Ўсиб улғайиб ўз ваъдамни шараф билан адо этаман ва Ватаннинг суюкли фарзанди бўламан.
Ушбу ташаббус ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, мардлик, фидойилик ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни келажакда юрт ҳимоясига муносиб тайёрлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
– Бугун ҳарбий қисмда фарзандим Бобоқулов Умиджон тантанали ваъда берди. Бундан жуда фахрландим. Ҳаяжондаман, – дейди Бобоқул Ҳасанов. – Ўғлим Қизилтепа туманидаги 41-мактабда 5-синфда ўқийди. Ўғлим она Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш, юртимизнинг тинчлигини, осойишталигини сақлаш ва Президентимиз яратиб берган имкониятлардан кенг фойдаланиш мақсадида ҳарбийлик касбини танлаган. Мен истардимки, барча ёшларимиз келажакда мард, жасур ўғлонлар бўлиб улғайишсин.
[gallery-31964]
Тадбирдан сўнг ўқувчилар билан “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди.
Унда Навоий ҳарбий прокурори Ж.Ўрунов, вилоят Миллий гвардия бошқармаси бошлиғи Б.Тоиров, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Ғ.Эшонов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши раиси Ж.Жумаев ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этишди.
Учрашув давомида ёшларни касбга йўналтириш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизмат қилишнинг шарафли ва масъулиятли экани ҳақида тушунчалар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири