Ёш томошабинлар учун театр туҳфаси (+видео)
27 март — Халқаро театр куни. Шу муносабат билан жорий йилнинг 21 мартидан 27 мартигача республикамиз бўйлаб “Театр томошалари ҳафталиги” ўтказилмоқда. Ҳафталик давомида юртимиздаги театрларда намойиш этиладиган томошаларга кириш бепул этиб белгиланган.
Ўзбекистон давлат Ёш томошабинлар театрида ҳам ҳафталик доирасида ёш томошабинлар учун бир-биридан қизиқарли спектакллар, эртак-томошалар тақдим этилмоқда.
— “Театр томошалари ҳафталиги” давомида ижодий жамоамизнинг ажойиб томошалари саҳна юзини кўрмоқда, — дейди Ўзбекистон давлат Ёш томошабинлар театрининг олий тоифали актёри Абдувоҳид Сариқов. — Жумладан, “Олтин тарвуз”, “Маликани ким қутқаради?”, “Зумрад ва Қиммат”, “Золушка” ва бошқа қизиқарли спектаклларимиз намойиш этилмоқда. Ёш томошабинларимизнинг кети узилмаяпти, улар мароқ билан спектаклларимизни томоша қилишяпти. Истардикки, бундай ҳафталиклар кўпроқ бўлса, ёш авлодни янада кенг жалб қилсак. Чунки театр томошалари болажонларимизнинг таълим-тарбиясига, маънавиятига катта ижобий таъсир кўрсатади. Эзгулик, дўстлик, садоқат, меҳр-оқибат каби хислатларни саҳнада кўриш эртага фарзандларимизнинг ўзларида ҳам ана шундай фазилатлар шаклланишига хизмат қилади.
Дарҳақиқат, ҳафталик доирасида тақдим этилган “Олтин тарвуз” эртак томошаси болажонларда жуда катта таассурот қолдирди. Унда сахийлик ва эзгулик ўз туҳфасини кўрсатиши, ўз навбатида, бахиллик, кўролмаслик, очкўзлик ва ҳайвонларга озор бериш каби ёмон одатлар ҳам жавобсиз қолмаслиги намойиш этилади.
Томоша асносида эзгулик, яхшилик ва сахийлик инсонни юксалтириши, ёвузлик эса бошга кулфатлар ёғдириши яна бир бор ўз исботини топади.
Спектаклдан сўнг ёш томошабинлар театр музейига ҳам ташриф буюриб, театр тарихи, ижодий фаолияти билан яқиндан таништирилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/PBDcq7OORBw" title="Yosh tomoshabinlar uchun teatr tuhfasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, ЎзА