Туркий халқлар бирлиги куйчиси
Унинг шеърларида безак ва ҳашам, сохталик йўқ. Шеъриятнинг қонуниятлари, қофияларига сиғмаган сатрларида ҳақиқатнинг изтиробли қиёфаси бўй кўрсатади. Адабиётшунослар таърифлаганидек, Шавкат Раҳмон ўзбек шеъриятида «тошдек қаттиқ, гулдек нафис» услуб яратган шоирдир. Унинг ижодидаги бетакрорлик исёнкорлик ва ҳурфикрлиликда яққол намоён бўлади.
Апрель ойида адабиёт, дўстлик ва ҳамжиҳатлик, маърифатга оид байрамлар, ижодий лойиҳалар кўлами тобора кенгайган бир пайтда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида атоқли ўзбек шоири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Шавкат Раҳмон таваллудининг 75 йиллигига бағишланган тантанали адабий анжуман ўтказилди. Мазкур тадбир ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти шафелигида ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон Ёзувчилар уюшмалари, икки қардош мамлакат маданият вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилди.

Бобур номидаги Ўш давлат академик ўзбек мусиқали драма театри шу куни адабиёт мухлислари билан гавжум бўлди.
Юбилейнинг асосий тантаналари ушбу тарихий театрда бўлиб ўтди. Дастлаб театр жамоасининг шеърий композициялари намойиш қилинди. Ёшлар шоир шеърларини ўзбек ва қирғиз тилларида маромига етказиб ижро қилишди. Шавкат Раҳмон шеърлари асосида яратилган қўшиқлар янгради.
Ўш шаҳри ҳокими Жанарбек Акаев, Қирғиз Республикаси давлат котиби, Қирғизистон халқ ёзувчиси Арслон Қойчиев, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Қирғизистон–Ўзбекистон дўстлик жамияти ижрочи директори Бегижон Аҳмедов, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ва бошқалар Шавкат Раҳмон ижоди, унинг ибратли фазилатлари, адабий алоқаларнинг икки халқ дўстлиги тобора мустаҳкамланаётгани хусусида батафсил сўзладилар.

Туркий халқлар шоири сифатида эътироф этиладиган Шавкат Раҳмон ижодининг ўзига хослиги эркинлик соғинчи, миллий ғурур ва сўзнинг ҳалоллигида яққол намоён бўлади. Ижодкор шўро даври чекловларига қарамай, миллий озодлик ва руҳий эркинликни куйлади. Унинг шеърларида миллат тақдири, миллий ғурур ва халқнинг дарди асосий ўрин эгаллайди. Шавкат Раҳмон шеърияти фақат ҳис-туйғулардан иборат эмас, балки исён ва курашчанлик руҳи билан суғорилган.
Туркий халқлар бирлиги куйчиси сифатида шоир нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий дунёнинг озодлиги ва бирлигини орзу қилган ва бу мавзудаги бадиий баркамол шеърлар муаллифидир. Сўзга ўта масъулият билан ёндашган Шавкат Раҳмон шеъриятни ўзининг “қисмати” деб билган эди. У мустақиллик ғояларини ҳали шўро давридаёқ баралла айта олган, эрк ва озодликни муқаддас билган шоир ҳисобланади.

Тадбир давомида Шавкат Раҳмоннинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида “Адабиёт” нашриётида чоп этилган “Танланган асарлар” китоби тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ушбу китоб шоир таваллуднинг 75 йиллигига муносиб совға бўлди.
Тадбирда шоирнинг умр йўлдоши Манзура ая, қизлари Шоира ва Камола Раҳмонова сўзга чиқиб ушбу нуфузли тадбирни ташкил этган барчага миннатдорлик билдирди. Анжуманни театри директори Аъзам Раҳим якунлаб, ушбу хотира тадбирига келганларга миннатдорлик билдирди.
Дарҳақиқат, Шавкат Раҳмон таваллуд топган Ўшда бўлиб ўтган мазкур тадбир адабиёт, дўстлик ва маърифат, шеърият байрамига айланиб кетди.
Назокат Усмонова, ЎзА