Сўз қадри улуғланди
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Педагоглар малакасини ошириш марказида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, халқаро “Робиндранат Тагор” мукофоти совриндори, “Шарқ юлдузи” журнали бўлим мудири Муҳаммад Исмоилнинг “Қаторда норинг бўлса” номли янги китоби тақдимоти ўтказилди.
Учрашувда шоирнинг ҳамкасблари, устоз ва шогирдлари, педагоглар ҳамда ёшлар иштирок этиб, ижод, адабиёт ва бадиий сўзнинг маънавий қиммати ҳақида фикр алмашдилар. Самимий муҳит тадбирни оддий тақдимотдан кенг маънавий мулоқот майдонига айлантирди. Иштирокчилар бундай учрашувлар ёшларда китобга муҳаббат ва сўзга эҳтиромни кучайтиришини таъкидладилар.

1964 йил Сирдарё вилояти Ховос қўрғонида туғилган Муҳаммад Исмоилнинг ўзбек адабиётида ўз ўрни бор. Унинг “Тазарру саодати”, “Тасаввур чизиқлари”, “Кўнгил мулкига сафар”, “Сизни севмай бўладими?”, “Муҳаббатнинг Ватани” каби кўплаб асарлари инсон руҳияти, муҳаббат ва ҳаёт фалсафасини теран ифода этиши билан ажралиб туради.
Ижодкор асарлари асосида бадиий фильмлар яратилган, икки юздан ортиқ шеърлари эса таниқли хонандалар репертуаридан мустаҳкам ўрин олган.

Тадбирда адабиётшунослар шоир ижодига тўхталиб, унда инсон қалби, садоқат, муҳаббат ва ватанпарварлик каби қадриятлар чуқур бадиий ифода этилганини қайд этдилар. Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов “Қаторда норинг бўлса” китобини ижодкор меросини ўрганишда муҳим манба сифатида баҳолади. Унинг таъкидлашича, китобда адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар ҳамда жамоат арбобларининг ижодга оид таҳлилий қарашлари жамланган.
Шунингдек, “Бошимдаги тожим онам” китоби ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Асарда она тимсоли орқали меҳр, сабр ва фидойилик каби юксак инсоний фазилатлар таъсирчан бадиий ифода этилган. Унда шеърий ва насрий лавҳалар билан бирга муаллифнинг ҳаётий кузатишлари ҳамда фалсафий мушоҳадалари “ён дафтар” услубида жамланган бўлиб, китобхонни нафақат ўқишга, балки чуқур ҳис қилиш ва мушоҳада юритишга ундайди.

Тадбир давомида шоирнинг ҳамкасблари — шоир Тоҳир Самиев, маданият ходими Имомқул Нуримов, марказ раҳбари Гуласал Бердиалиева, Гулистон давлат университети докторанти Кумушой Турдиқулова, педагог Равшан Эгамбердиев ва шогирди Дилновоз Саидова ижодкорнинг камтарлиги, устозлик фазилатлари ва ижодий изланишлари ҳақида самимий фикрлар билдирдилар.
Тадбирга алоҳида руҳ бағишлаган жиҳатлардан бири “Сирдарёликлар” қўшиғи бўлди. Вилоят ҳокими ташаббуси билан клипи ишланаётган ушбу асарга Муҳаммад Исмоил шеър битган, мусиқаси эса Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асатилла Холиқов томонидан басталанган. Қўшиқ иштирокчиларда юртга муҳаббат ва ифтихор туйғуларини кучайтирди.

Шу билан бирга, ёшлар шоир шеърларини ифодали тарзда ўқиб, ижодий муҳитни янада жонлантирдилар. Савол-жавоблар қисмида иштирокчилар ижод сирлари, илҳом манбалари ва ҳаётий қарашлар ҳақида қизиқарли жавоблар олдилар. Бу мулоқот ижодкор ва китобхон ўртасидаги маънавий кўприкни янада мустаҳкамлади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур ижодий кеча адабиёт ихлосмандлари учун ҳақиқий маънавий байрамга айланди. У нафақат янги китоб тақдимоти, балки қалбларни яқинлаштирган, сўз қадри ва адабиётга муҳаббатни янада юксалтирган самимий мулоқот сифатида иштирокчилар хотирасида чуқур из қолдирди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири