Перу пойтахти Лима шаҳрида 20 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида рапид ва блиц йўналишларида жаҳон чемпионати якунланди.
Чемпионатнинг блиц йўналишида терма жамоамиз аъзоси Муҳиддин Мадаминов 13 та тур давомидаги баҳслар сарҳисобига кўра, 13 очко жамғариб жаҳон чемпионлигига эришди.

Чемпионатнинг ушбу йўналишида дона сурган Муҳаммадзоҳид Суяров 10 очко билан 3-ўринни, Ҳумоюн Бекмуратов 9 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 4-ўринни эгаллади.

Блиц мусобақаларининг хотин-қизлар баҳсида қатнашган маҳоратли шахматчи қизларимиздан Умида Омонова 9,5 очко билан иккинчи, Мадинабону Халилова 8 очко билан олтинчи, Афруза Ҳамдамова 7 очко билан 38 нафар иштирокчи орасида ўн учинчи поғонага эгалик қилди.
Эслатиб ўтамиз, мамлакатимиз шахматчи ёшлари чемпионатнинг рапид йўналишида ҳам юқори натижаларни қайд этганди. Хусусан, Муҳаммадзоҳид Суяров 7,5 очко жамғариб, ғолибликни тантана қилди. Муҳиддин Мадаминов 7 очко билан иккинчи ўринни эгаллади. Рапид мусобақаларининг аёллар баҳсида Афруза Ҳамдамова 20 ёшгача бўлган шахматчи қизлар орасида кумуш медални қўлга киритди.
Т. Рўзиев, ЎзА