Жаҳон чемпионатининг блиц баҳсларида шахматчиларимиз бронза медалини қўлга киритди
Гонконгда шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жамоалар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати мамлакатимиз шахматчилари учун ҳар жиҳатдан муваффақиятли бўлди.
12 та турдан иборат рапид мусобақаларида 48 та жамоа орасида Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров етакчилигидаги “Ўзбекистон” жамоаси, шунингдек таркибидан маҳоратли ёш шахматчиларимиз Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Муҳаммадзоҳид Суяров жой олган “Sky Chess” жамоаси Магнус Карлсен, Аржун Эригаиси, Уэсли Со, Алиреза Фирузжа, Фабиано Каруана, Ричард Раппорт сингари дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари билан баҳс олиб борди.

Шиддатли кечган курашлар сарҳисобига кўра, рапид йўналишида 15 очко жамғарган “Ўзбекистон” жамоаси қўшимча кўрсаткичларга кўра, 48 та жамоа орасида 7-ўринни, Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Муҳаммадзоҳид Суяров дона сурган “Sky Chess” жамоаси ушбу йўналишда 14 очко билан 13-поғонани эгаллади.
Жаҳон чемпионатининг блиц йўналишидаги мусобақалар ҳам юртдошларимиз учун ҳар жиҳатдан муваффақиятли ва омадли кечди.
Блиц баҳсларининг “С” гуруҳидан жой олган “Ўзбекистон” жамоаси гуруҳ босқичида муносиб ўйин намойиш этиб, турнир жадвалида 2-ўринни эгаллаб, кейинги босқичга йўл олди.
Жаҳон чемпионатининг 1/8 финалида Озарбайжоннинг “Odlar Yurdu” жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этган шахматчиларимиз 1/4 финалда Магнус Карлсен сардорлигидаги “WR Chess” жамоасини 3.5:2.5 кўринишида енгди.

Ярим финалда Дин Лижэнь сардорлигидаги “Dragon Chilling” жамоаси билан рўбарў келди. Тенг курашлар остида ўтган баҳс тай-бреккача етиб борди. Ҳал қилувчи ўйинда Хитой жамоаси финал йўлланмасига эга чиққан вазиятда ҳамюртларимиз бронза медаллари учун курашадиган бўлди.
Жаҳон чемпионати блиц мусобақаларининг бронза медали йўлидаги баҳсда Алиреза Ферузжа, Левон Аронян, Аниш Гири, Володар Мурзин каби маҳоратлиларни жамлаган “Hexamind” жамоаси билан куч синашди.

Катта руҳий босим остида ўтган ўйиннинг тай-брек баҳсида ҳамюртларимиз рақибларини 5,5:0.5 ҳисобида таслим этди ва жаҳон чемпионатининг совриндорлари қаторидан жой олиши асносида 30 минг евро пул мукофоти билан тақдирланди.
Блиц мусобақаларида “Dragon Chilling” жамоаси ғолиб бўлиб, олтин медаллар ва 75 минг евро миқдоридаги бош мукофотга эга чиққан бўлса, 2-ўрин ва 50 минг евро мукофот пули “Endgame AI” жамоасига насиб этди.
Шу ўринда айтиш лозимки, “Ўзбекистон” жамоаси нафақат умумий ҳисобда бронза медалини қўлга киритди, балки шахматчиларимиз ўз тахталарида ҳам ажойиб шахсий натижаларни қайд этгани эътиборли воқелик сифатида эътироф этилди.

Хусусан, Нодирбек Абдусатторов 1-тахтада ўтказган 19 та ўйинда 15.5 очко жамғариб, 2936 рейтинг кўрсаткичи билан олтин, Умида Омонова аёллар ўртасидаги баҳсларда 12 та ўйиндан 9 очко билан кумуш, Акжол Раҳматуллаев 21 та ўйинда 14.5 очко билан кумуш, Шамсиддин Воҳидов 15 та ўйинда 8.5 очко жамғарган ҳолда бронза медалига эга чиқди.
Т. Рўзиев,
ЎзА