Янги йил кунлари АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтган “North American Open 2025” халқаро шахмат турнирида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси муваффақиятга эришди.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган нуфузли мусобақада терма жамоамиз аъзоси Абдумалик Абдусалимов кучли рақобат шароитида мамлакатимиз шахмат мактабининг салоҳиятини яна бир бор намойиш этди.

Маҳоратли ёш гроссмейстеримиз А.Абдусалимов 125 нафар шахматчи ўртасида 6.5 очко жамғариб, мусобақа ғолибига айланди. 2-ўрин эронлик Магҳами Эхсанга, 3-ўрин эса ҳиндистонлик Коустав Чаттержига насиб этди.
Шунингдек, ушбу турнирда иштирок этган ёш шахматчиларимиздан Муҳаммадали Абдураҳмонов 6,5 очко билан мусобақанинг 5-поғонасидан жой олган бўлса, халқаро тоифадаги спорт устаси Саидакбар Саидалиев 5.5 очко билан 27-ўринни эгаллади.
Т.Рўзиев, ЎзА