Ёш раҳбар кадрлар учун ўқув тренинги
“Ўзмиллийбанк” АЖда кадрлар захирасини тайёрлаш бўйича навбатдаги тренинг бўлиб ўтди.
Замонавий банк-молия тизимида рақобатбардошликни таъминлаш ва мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини янгибосқичга олиб чиқиш, аввало, юқори малакали ва ташаббускор бошқарув кадрлари салоҳиятига бевосита боғлиқ. Бугунги шиддатли ислоҳотлар даврида ҳар бир раҳбардан нафақат чуқур молиявий билим, балки замонавий менежмент кўникмалари, стратегик фикрлаш ва жамоани умумий мақсад сари етаклай олиш қобилияти талаб этилмоқда. Ана шу эҳтиёждан келиб чиқиб, тизимда истиқболли мутахассисларни мақсадли тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, “Ўзмиллийбанк” АЖ Ўқув марказида “Банк хизматлари марказлари раҳбарлари ва бош бухгалтерларини тайёрлаш курси” мавзусида навбатдаги икки кунлик тренинг ташкил этилди. Мазкур ўқув машғулотлари банкнинг 2025 –2027 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясини изчил амалга ошириш доирасида Ходимлар билан ишлаш департаменти ташаббуси билан ўтказилди.
Тренингда Фарғона, Сирдарё, Бухоро,Навоий, Хоразм, Самарқанд ва Тошкент вилоятларидан ҳудудий тармоқнинг кадрлар захирасига киритилган 10 нафар истиқболли ходим иштирок этди.
Ўқув дастури замонавий банк бошқарувининг энг муҳим йўналишлари — етакчилик, жамоани самарали бошқариш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, молиявий ҳисоб, комплаенс-назорат ҳамда мижозлар эҳтиёжига йўналтирилган ёндашув каби долзарб масалаларни қамраб олди. Амалий машғулотлар давомида иш жараёнида учрайдиган реал вазиятлар (кейслар) чуқур таҳлил қилиниб, ҳудудлар вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашилди. Шунингдек, бошқарув вазифаларини тезкор ва самарали ҳал этиш воситалари ўрганилди.
Семинар доирасида иштирокчилар Банкнинг янги молиявий маҳсулотларига оид билимларини янада бойитдилар ҳамда 2026-йилнинг ўн ойлик фаолияти якунлари ва эришилган асосий кўрсаткичлар билан яқиндан танишдилар. Қолаверса, мутахассисларга индивидуал ривожланиш режаларини тузиш ва замонавий рақамли платформа — SAP Workzone тизимида самарали ишлаш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Машғулотлар Банкнинг етакчи тузилмалари — ходимлар билан ишлаш, кичик ва ўрта бизнес, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий мониторинг, хизмат кўрсатиш ва сотувларни ташкилэтиш, корпоратив мижозлар ва инвестициялар департаментлари ҳамда комплаенс назорати блокининг тажрибали вакиллари томонидан олиб борилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки букаби тизимли ўқув тадбирлари нафақат ходимларнинг касбий ва бошқарув компетенцияларини юксалтиришга, балки Банк тизимида соғлом кадрлар ворислигини таъминлашга хизмат қилади. Захирадаги ёш ва салоҳиятли мутахассисларнинг пухта тайёргарликдан ўтиши келгусида ҳудудий банк хизматлари марказлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш ва аҳолига кўрсатилаётган молиявий хизматлар сифатини янги поғонага кўтаришда мустаҳкам замин яратади.
“Ўзмиллийбанк”АЖ
Матбуотхизмати