Саноат тараққиётини малакали кадрлар белгилайди
Президент ташрифидан сўнг...
Мамлакат саноати қанчалик кучли эканини фақат ишлаб чиқариш ҳажмига қараб айтиб бўлмайди. Қандай технологиялар ўзлаштириляпти, маҳсулотга қанча қиймат қўшиляпти, у жаҳон бозорида харидорини топа оляптими – асл мезон шу.
Электротехника саноати эса иқтисодиётнинг кўплаб йўналишлари билан узвий боғлиқ. Энергетика, транспорт, қурилиш ва ахборот технологияларида қўлланиладиган асосий ускуна ва қурилмалар айнан шу соҳада ишлаб чиқарилади. Шу боис ушбу тармоқнинг ривожи бошқа соҳаларнинг ҳам технологик имкониятларини кенгайтиради.
Президент Шавкат Мирзиёев 9 ноябрь куни Юқори Чирчиқ туманида электротехника саноати тадбиркорлари ва хорижий инвесторлар билан учрашув ўтказган эди. Мулоқотда ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан чекланмай, замонавий технологияларни ўзлаштириш, янги маҳсулотлар яратиш ва экспортни ошириш масалалари муҳокама қилиниб, тармоқнинг келгуси устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Дарҳақиқат, белгиланган бу вазифаларни амалга ошириш ва замонавий саноатни ривожлантириш, аввало, малакали муҳандисларга боғлиқ. Чунки ишлаб чиқаришга янги ускуналарни олиб киришнинг ўзи етарли эмас. Уларни самарали бошқариш, технологияларни такомиллаштириш ва янги маҳсулотлар яратиш учун чуқур билим ҳамда тажрибага эга мутахассислар зарур.

– Давлатимиз раҳбарининг электротехника саноати тадбиркорлари ва хорижий инвесторлар билан учрашувида эътиборимни тортган энг муҳим масалалардан бири илм-фан ва таълимнинг саноат ривожидаги ўрни бўлди, – дейди Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, академик Шавкат Аюпов. – Аслида, электротехника саноати мисолида кўрганимиздек, қайси соҳа бўлмасин, илм-фан ва изланишларсиз юқори натижаларга эришиш қийин. Масалан, Хитой тажрибасини олайлик, мулоқотда ушбу мамлакат бюджетининг 40 фоизини илм-фанга йўналтираётгани қайд этилди. Сир эмаски, унинг бугунги технологик тараққиёти замирида айнан илмий салоҳият ва изланишлар турибди. Демак, биз ҳам барча соҳалар ривожини илм-фан билан боғлашимиз, бунинг учун эса, аввало, малакали мутахассислар тайёрлашимиз керак.
Шу ўринда айтиш жоизки, бугун олий таълим муассасаларини тамомлаётган айрим муҳандислар замонавий технологиялар билан ишлаш учун етарли билим ва амалий кўникмага эга эмас. Корхоналар эса уларни яна қайта ўқитишга мажбур бўлмоқда. Табиий савол туғилади, давлат талабаларни шунча йил давомида ўқитганидан кейин нега ишлаб чиқарувчилар уларни яна қайта тайёрлаши керак? Бу ҳолат олий таълимдаги ўқув дастурлари ва ўқитиш усулларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатади.
Шу боис Президентимиз олий таълим муассасалари ректорлари олдига аниқ вазифалар қўйди. Эндиликда ўқув дастурлари замонавий ишлаб чиқариш талабларига мослаштирилиши, талабалар назарий билим билан бирга етарли амалий тажриба ҳам орттириши лозим. Зеро, бизга шунчаки дипломли муҳандислар эмас, балки замонавий технологияларни пухта биладиган, ишлаб чиқариш жараёнини бошқарадиган ва янги техник ечимлар таклиф қила оладиган мутахассислар керак.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳозирда мамлакатимиздаги техника олийгоҳларининг 20 нафар талабаси ва тадқиқотчиси Кореядаги электроника корхоналарида таҳсил олмоқда ва амалиёт ўтамоқда. Яқин вақт ичида уларнинг сонини 100 нафарга етказиш кўзда тутилган.
Келгуси йилдан эса “1 минг муҳандис-конструктор” дастурига старт берилади. Ушбу дастур доирасида маҳаллий мутахассислар Корея, Япония, Хитой, Туркия ва Европа мамлакатларида малака оширади. Шунингдек, хорижий компанияларда фаолият юритаётган юқори малакали ватандошларимизни ҳам юртимизга жалб қилиш чоралари кўрилади.

Мутахассислар тайёрлаш билан бир қаторда, янги технологияларни яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш учун зарур инфратузилма ва шароитлар ҳам кенгайтирилади. Жумладан, Нурафшон шаҳрида “Келажак технологиялари маркази” ташкил этилади. Бу ерда робототехника, электроника ва технологик ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритади. Уларга IT Park резидентлари учун белгиланган имтиёзлар тақдим этилади, зарур хомашё ва бутловчи қисмлар импорти эса божхона тўловларидан озод қилинади.
Бу ташаббусларнинг барчаси ягона мақсадга – электротехника саноатини юқори технологик ва рақобатбардош тармоққа айлантириш, пировардида эса мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА