Ёш оғир атлетикачимиз Осиё чемпионати совриндори бўлди
Бугун, 9 август куни ўсмирлар ва ёшлар ўртасида давом этаётган Осиё чемпионатининг учинчи кун баҳслари дастурига мувофиқ, кун давомида йигитлар ўртасида -65 ва -70 кг. вазн тоифасининг “Б” гуруҳларида ҳамда -65 кг. вазн тоифасининг “А” гуруҳида, қизлар ўртасида -53 кг. вазн тоифасининг “А” гуруҳи спортчилари медаллар учун кураш олиб боради.
Кун давомидаги мусобақаларда оғир атлетикачиларимиздан Диёрбек Одилов ва Муниса Одилова Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Кеча ўтказилган чемпионат мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига ўсмирлар ўртасида -60 кг. вазн тоифасида иштирок этган Азизбек Дадажонов навбатдаги медални тақдим этди.

Ҳамюртимиз силтаб кўтариш машқида 134 кг. тошни бўйсундириб, шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Эслатиб ўтамиз, қитъа биринчилиги 14 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА