Ёш оғир атлетикачиларимиз Акбар Жўраев спорт мактабида Осиё чемпионатига тайёрланмоқда
Жорий йилнинг 7-14 август кунлари пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати баҳслари бўлиб ўтади.
Мазкур нуфузли қитъа биринчилигида тўлиқ таркибда иштирок этишга ҳозирлик кўраётган Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари айни пайтда Бўстонлиқ тумани Сойлиқ қишлоғида жойлашган Акбар Жўраев номидаги спорт мактабида сўнгги ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда.
Куни кеча спорт вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Ш.Маҳмудов ўқув-машғулот йиғинида иштирок этаётган терма жамоа аъзолари ва мураббийлар билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида мураббийлар жамоанинг Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёни, амалга оширилаётган машғулотлар ҳамда спортчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати таҳлил қилинди.
Йилнинг энг муҳим мусобақаларидан бири саналган Осиё чемпионатида 20 дан ортиқ давлатдан юртимизга келадиган 500 нафарга яқин ўсмир ва ёш спортчилар совринли ўринларга даъвогарлик қилишини инобатга олиб, чемпионатда мамлакатимиз ёш оғир атлетикачилари юксак натижалар, ёрқин ғалабаларга эришишида аввало, руҳий мувозанатни мустаҳкамлаш муҳим омил эканлиги таъкидланди.
Т. Рўзиев, ЎзА