“Ёш китобхон”: мутолаа маданияти ва интеллектуал рақобат майдони
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танлови нафақат адабиётга қизиқувчи ёшларни бирлаштирувчи майдон, балки жамиятда мутолаа маданиятини шакллантиришда муҳим механизм сифатида намоён бўлмоқда. Танловнинг маҳалладан тортиб республика босқичигача бўлган кўп босқичли тизими эса ёшлар орасидан энг билимдон ва салоҳиятли иштирокчиларни саралаб олиш имконини бермоқда.
Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида жойлашган Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабида ўтказилган танловнинг вилоят босқичи ҳам ушбу жараённинг амалий ифодаси бўлди. Эътиборлиси, 65 мингдан ортиқ ўғил-қиз орасидан сараланган 57 нафар иштирокчининг финалга етиб келиши танловнинг қамрови кенг ва рақобат юқори эканини кўрсатади.
[gallery-28884]
Вилоят босқичида иштирокчилар “Бадиий асарлар билимдони” ҳамда “Тезкор савол-жавоб” шартлари асосида беллашгани уларнинг нафақат ўқиш, балки таҳлил қилиш, тез фикрлаш ва мулоҳаза юритиш қобилиятини ҳам синовдан ўтказди. Бу каби шартлар танловни оддий билим мусобақасидан интеллектуал салоҳиятни баҳоловчи комплекс жараёнга айлантираётганини кўрсатади.
Якунда 3 нафар ғолибнинг республика босқичига йўл олиши эса танловнинг асосий мақсади – энг муносиб, билимли ва фикрлаш доираси кенг ёшларни аниқлашга хизмат қилаётганини тасдиқлайди.
Шунингдек, ғолиблар учун Президент совғаси – электромобиль жорий этилгани ёшларни рағбатлантиришда муҳим омил бўлиб, бу каби мукофотлар танлов нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Умуман олганда, “Ёш китобхон” танлови бугунги кунда нафақат мусобақа, балки ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни мустақил фикрлашга ўргатиш ва интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилаётган муҳим ижтимоий лойиҳага айланиб бормоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА