“Ёш китобхон” миллат келажагидир
Бугунги кунда ёш авлодни маънавий етук, билимдон ва кенг тафаккурли инсонлар этиб тарбиялашда китобнинг ўрни беқиёс. Китоб инсонни фикрлашга, изланишга, ҳаётни теран англашга ундайдиган энг яқин ҳамроҳ. Китоб инсон қалбини бойитади, маънавиятини юксалтиради ва ҳаётга бўлган қарашларини кенгайтиради.
Юртимизда ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини шакллантириш, уларни мутолаага қизиқтириш ва билимга чанқоқ авлод этиб вояга етказиш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифага айланган. Ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилиб келаётган “Ёш китобхон” танлови мамлакатимиз ёшларининг интеллектуал салоҳиятини намоён этаётган нуфузли маънавий-маърифий лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Мазкур танлов 2017 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Унинг асосий мақсади ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, мутолаага бўлган қизиқишни кучайтириш ҳамда бадиий асарлар орқали мустақил ва танқидий фикрлаш кўникмаларини шакллантиришдан иборат.
Жорий йилда “Ёш китобхон” танловининг Бухоро вилояти босқичига жами 35 минг 950 нафар ўғил-қизлардан аризалар келиб тушди. Бу эса ёшлар орасида китобга бўлган меҳр ва илмга интилиш тобора ортиб бораётганининг ёрқин далилидир. Саралаш босқичларида муносиб иштирок этган 39 нафар иқтидорли ёшлар вилоят босқичига йўлланма олди.
[gallery-28898]
Танловда иштирокчилар икки муҳим шарт асосида синовдан ўтди. “Бадиий асарлар билимдони” шартида улар ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналари бўйича билимларини намоён этиб, асарларнинг мазмун-моҳияти, ғояси ва бадиий қиммати ҳақида эркин фикр билдирди.
“Тезкор савол-жавоб” шартда эса иштирокчиларнинг ҳозиржавоблиги, зеҳни ўткирлиги ва кенг дунёқараши яна бир бор намоён бўлди. Қисқа вақт ичида аниқ ва тўғри жавоб қайтариш ёшларнинг билим савияси қанчалик юқори эканини кўрсатди. Танловнинг энг аҳамиятли жиҳати шундаки, унда ҳақиқий билим, меҳнат ва интилиш ғолиб бўлди.
Танлов якунида турли ёш тоифалари бўйича ғолиблар аниқланди. Улар нафақат мазкур мусобақа ғолиблари, балки эртанги кунимизнинг зиёлилари, илм-фан ва тараққиёт йўлида хизмат қиладиган фидойи авлод вакилларидир. Бундай ёшлар мамлакатимиз келажагини барпо этадиган, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшадиган куч саналади.
Китоб тафаккур манбаи, билим эса тараққиёт калитидир. Шубҳасиз, бугунги китобсевар ёшлар эртанги куннинг етук мутахассислари, маърифатли раҳбарлари ва юрт келажагига дахлдор инсонлари бўлиб камол топади. Шу маънода, “Ёш китобхон” танлови миллат келажагини белгилайдиган муҳим маънавий мактаб вазифасини бажармоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.