Ёш бунёдкорлар маҳорати синовдан ўтмоқда
“Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” танловининг Тошкент вилояти босқичига старт берилди. Шу муносабат билан Оққўрғон туманидаги техникумда ёшларнинг касбий маҳорати, инновацион фикрлаши ва ижодий салоҳиятини намоён этишга қаратилган тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Тошкент вилояти Касбий таълим бошқармаси бошлиғи Насиба Қулбекова ҳамда Тошкент вилояти Ёшлар ишлари агентлиги бошқармаси бошлиғи Нуриддин Хожиев иштирок этиб, танлов қатнашчиларини қутлади ва уларга омад тилади.

Таъкидланганидек, мазкур танлов Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 8 апрелдаги “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарори асосида ташкил этилмоқда. Унинг асосий мақсади ёшларнинг касбий салоҳиятини рўёбга чиқариш, амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош мутахассисларни тайёрлаш ҳамда касб-ҳунарга бўлган қизиқишни янада оширишдан иборат.

Очилиш маросимида иштирокчиларга танловнинг мақсад ва вазифалари, баҳолаш мезонлари, босқичлар тартиби ҳамда ғолибларни аниқлаш механизмлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шу билан бирга, танловнинг ёшларда ташаббускорлик, инновацион ёндашув ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришдаги аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Вилоят босқичида 927 нафар иштирокчи, устоз-мураббийлар ҳамда соҳанинг тажрибали мутахассислари қатнашмоқда. Танлов давомида ёшлар турли йўналишлар бўйича ўз билим ва кўникмаларини намойиш этиб, касбий маҳоратларини синовдан ўтказмоқда.

Танлов жараёнлари билан яқиндан танишган Нодира Кулбекова иштирокчилар билан мулоқот қилиб, уларнинг тайёргарлик даражаси, касбий қизиқишлари ва келгуси режалари билан қизиқди. Суҳбат давомида ёшларга ўз устида мунтазам ишлаш, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш, танланган касбининг етук мутахассиси бўлиш йўлида интилиш зарурлиги таъкидланди.
Мазкур танлов ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятини кашф этиш, уларни янги ғоялар ва ташаббусларга руҳлантириш, шунингдек, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган малакали кадрларни тарбиялашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
А.Мусаев, ЎзА