Касбга интилаётган ёшлар — Янги Ўзбекистон таянчи
Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманидаги 2-сонли техникумда “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловининг биринчи босқичига тантанали старт берилди. Мазкур танлов ёшларнинг касбий билим ва амалий кўникмаларини ошириш, уларнинг истеъдоди ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, замонавий касбларга қизиқишини кучайтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Очилиш маросимида вилоят ва республика миқёсидаги мутасадди раҳбарлар, ташкилот ва идоралар вакиллари, педагоглар ҳамда ёшлар иштирок этишди. Жумладан, Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси масъул ходими, Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи М. Раҳмонбердиев, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи Б. Соатов, Жиззах вилояти Касбий таълим бошқармаси бошлиғи С. Назарқосимов ҳамда вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Д. Худойшукуров сўзга чиқиб, мамлакатимизда ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлашди.
Қайд этилганидек, бугун меҳнат бозорида рақобатбардош, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда. Шу маънода, касбий маҳорат танловлари ёшлар учун нафақат беллашув, балки тажриба алмашиш, янги ғоялар устида ишлаш ва ўз имкониятларини намоён этиш майдони вазифасини ўтамоқда.
[gallery-29680]
Тадбир давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ. Шарипов жонли эфир орқали республика бўйлаб танловнинг расмий старт берилганини эълон қилди. Бу эса мазкур лойиҳанинг мамлакат миқёсидаги аҳамияти ва ёшларга қаратилаётган эътиборнинг яна бир ифодаси бўлди.
Танловнинг биринчи кунида 10 та касб йўналишидан 4 таси бўйича амалий беллашувлар ташкил этилди. Хусусан, сартарошлик йўналишида 24 нафар, мода технологиялари бўйича 14 нафар, ошпазлик йўналишида 26 нафар ҳамда компьютер графикаси бўйича 20 нафар иштирокчи ўз маҳоратини намойиш этди.
Беллашувлар жараёнида қатнашчиларнинг креатив ёндашуви, амалий кўникмалари ва инновацион ғоялари ҳакамлар ҳайъати ҳамда меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, ошпазлик йўналишида тайёрланган миллий ва замонавий таомлар, мода технологияларидаги янги дизайн ечимлари, компьютер графикаси бўйича ижодий лойиҳалар ва сартарошлик соҳасидаги ишлар иштирокчиларнинг салоҳиятларини яққол намоён этди.
Танлов жараёнларида мутасаддилар беллашув майдонларини айланиб чиқиб, ёшлар билан мулоқот қилди, уларнинг ишлари билан яқиндан танишди ҳамда келгуси фаолияти учун тавсия ва тилаклар билдиришди.
Таъкидланганидек, бундай танловлар ёшларнинг касб-ҳунарга қизиқиши ва интилишини қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий касб эгалари сифатида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Қолган йўналишлар бўйича беллашувлар эса тасдиқланган режа-график асосида кейинги кунларда давом эттирилади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари