Бойсунда ёш созандалар беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ташаббуси билан мактаблардаги ансамбллар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Иқтидор мактаб ансамбли” республика танловининг Сурхондарё вилояти Бойсун тумани босқичи бўлиб ўтди.
Тумандаги 6-болалар мусиқа ва санъат мактабида қизғин ва кўтаринки руҳда ўтган тадбир туман ва вилоят “Келажак” марказлари, мусиқа ва санъат мактаби жамоаси, шунингдек, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Танловда 6–10-синф ўқувчиларидан иборат жамоалар белгиланган шартлар асосида миллий чолғу асбобларида куй ижро этиш бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
[gallery-29041]
Якуний натижаларга кўра, 33-мактабнинг “Иқтидор юлдузлари” жамоаси биринчи ўринни, 39-мактабнинг “Ёш созандалар” жамоаси иккинчи ўринни, 35-мактабнинг “Турон наволари” жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА