2026 йилги пахта ҳосилига тайёргарлик ишлари қониқарли ташкил этиляптими?
Жорий йил пахтачилик мавсумида республика бўйлаб чигит экиш ишлари уюшқоқлик ва тизимли ёндашув асосида амалга оширилмоқда. Ҳудудларда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича кенг кўламли ишлар йўлга қўйилган. Шу билан бирга, жараёнлар мутасадди ташкилотлар томонидан доимий назорат ва мониторинг қилиб борилмоқда.
Шу йил 135 та пахта етиштирувчи туманда 129 та пахта-тўқимачилик кластери ва 28 минг 128 та фермер хўжалиги томонидан 889,5 минг гектар майдонга чигит экиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда чигит экиш ишлари якунига етказилмоқда.
Шундан, 324,9 минг гектар майдонга хориж тажрибаси асосида “Шинжон” усулида ҳамда 564,6 минг гектар майдонга оддий усулда чигит экилиши белгиланиб, экиш ишлари “Ўзагроинспекция” томонидан назорат қилиб борилди.
Чигит экиш тадбирлари соҳа олимлари ҳамда тажрибали деҳқонларнинг бу йилги баҳорги об-ҳаво шароитларида чигит экиш ишларини мақбул муддатларда сифатли ўтказиш юзасидан ишлаб чиқилган тавсия ва кўрсатмалари асосида ташкил этилди.
Бу йил пахтачиликда ҳосилдорлик 50 центнерга етказилиши режалаштирилган. Чигит экиш ишларига 6 минг 208 та сеялка жалб қилиниб, мавсумда ўртача ҳар бир сеялкага 140 гектар майдон тўғри келди ва экиш ишлари қисқа муддатларда якунланишига эришилди.
Ҳудудлардаги чигит экиладиган майдонларда ерларни экишга сифатли тайёрлаш, минерал ўғитлар солиш ва чигит экиш ишларини ўз муддатида ҳамда сифатли амалга оширилиши бўйича олиб борилган назорат тадбирлари давомида 6 минг 375 та фермер хўжаликларининг 45,5 минг гектар ғўза майдонларида камчиликлар аниқланиб, ушбу камчиликларни бартараф этиш юзасидан “Ўзагроинспекция” ваколати доирасида тегишли таъсир чоралари кўрилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА