Сирдарё вилоятида ёнғин ва портлаш хавфи юқори деб баҳоланган 4 та ёқилғи ва газ тўлдириш шохобчасининг фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Бу чора тадбирлар Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида содир бўлган фожиали портлашдан сўнг вилоятда хавфсизлик чораларини кучайтириш доирасида амалга оширилмоқда.

Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси, Экология, Саноат хавфсизлиги ва бошқа тегишли идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан 12 та ёқилғи қуйиш ва газ тўлдириш шохобчасида кенг қамровли текширувлар ўтказилди. Уларнинг натижасида 74 та қоидабузарлик ҳолати аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича 119 та банддан иборат кўрсатма берилди.

Текширувлар жараёнида ёнғин хавфига олиб келиши мумкин бўлган 13 та техник жиҳатдан носоз ускуна, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқланди. Хусусан, ёнғин автоматикаси, газ сиқув ускуналари, вентилятсия тизимлари, ёнғинга қарши сув таъминотидаги носозликлар алоҳида қайд этилди.



Мутасадди ташкилотлар маълум қилишича, мазкур назорат тадбирлари аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва портлаш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда фавқулодда вазиятларга йўл қўймаслик мақсадида доимий тарзда давом эттирилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири