Россияда ёқилғи танқислиги кузатилмоқда (+видео)
Украинанинг Россиядаги йирик нефтьни қайта ишлаш заводларига берган зарбалари Россиянинг 53 та ҳудудида ёқилғи таъминотида узилишларга сабаб бўлди, деб хабар берди Euronews
Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш инфратузилмасига берган зарбалари Россия ёқилғи бозорини тизимли равишда издан чиқарувчи омилга айланди.
Украина Россия ҳужумларига жавоб чораларидан бири сифатида Россия ҳарбий-саноат мажмуаси ва иқтисодиётнинг стратегик тармоқларига аниқ нишонланган зарбалар беришни давом эттирмоқда.
Москвадаги объектлар, жумладан Капотня нефтьни қайта ишлаш заводи зарбага учради. Асосий қурилмаларнинг шикастланиши, ёнғинлар ва технологик линияларнинг тўхташи қайта ишлаш ҳамда логистикада катта узилишларга сабаб бўлди. Натижада Москва, Санкт-Петербург, Волга бўйи, Жануб, Сибирь, Қрим ва Украинанинг бошқа босиб олинган ҳудудларини қамраб олган 53 та ҳудудда ёқилғи танқислиги юзага келди.
Халқаро манбалар уруш бошланганидан буён энг катта пасайишни қайд этмоқда. Reuters маълумотларига кўра, май ойи охирига келиб Россия марказий қисмидаги йирик нефтни қайта ишлаш заводларининг кўпчилиги ишлаб чиқаришни қисқартиришга ёки тўхтатишга мажбур бўлган.
Шу билан бирга авиация керосини нархи йил бошидан буён 41 фоизга ошди. Аэропортлар самолётларга ёқилғи қуйишни меъёрлаштиришни бошлади, бу эса тизимли муаммоларнинг яна бир белгиси бўлди.
Бу маълумотлар нафақат қайта ишлаш ҳажмини камайганини, балки иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини ёқилғи билан таъминлашда ҳам тизимли узилишлар юз берганини кўрсатади.
Ёқилғи сотувига қўйилган чекловлар федерал миқёсга чиқди. Улар ўнлаб ҳудудларда амал қилмоқда ва камида 7 мингта автозаправка станциясига таъсир кўрсатмоқда.
Луганск, Запорожье ва Херсон вилоятларида бир киши учун 20 литрлик қатъий лимит жорий қилинган.
Ҳозирги вазият Россия ёқилғи тизимининг таркибий заифлигини намоён қилди. Нефтни қайта ишлаш заводларига қилинган зарбалар маҳаллий эмас, балки бутун мамлакат миқёсида оқибатларга олиб келмоқда. Логистика етишмаётган ҳажмларни қоплай олмаяпти, таъмирлаш ишлари узоқ давом этмоқда ва чекка ҳудудлар биринчи бўлиб хавф остида қолмоқда. Натижада инқироз чўзилиб бормоқда ва ҳудудлар ўртасидаги фарқлар янада кучаймоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Bt6WDY-iZ5U" title="Rossiyada yoqilg‘i tanqisligi kuzatilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА