Йўлларнинг сифати бўлиши хавфсизликни таъминлайди
Юртимизда йўл инфратузилмасини ривожлантириш, мавжуд автомобиль йўлларининг техник ҳолатини яхшилаш, аҳоли ҳамда транспорт воситаларининг хавфсиз ва қулай ҳаракатланишини таъминлаш бугунги кундаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада Андижон вилоятида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Андижон вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси томонидан Балиқчи тумани ҳудудидан ўтувчи республика аҳамиятига эга “Фарғона ҳалқа йўли” автомобиль йўлининг 111–117-километри ҳудудида кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.


“Фарғона ҳалқа йўли” автомобиль йўли транспорт ҳаракати юқори бўлган муҳим йўналишлардан бири бўлиб, унинг сифатли таъмирланиши ҳудудлараро қатнов самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.


Амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари замонавий технологик талаблар асосида ташкил этилмоқда. Жумладан, йўл пойдеворини мустаҳкамлаш, қатламлар зичлигининг меъёр даражасида бўлишини таъминлаш ҳамда юқори сифатли асфальт-бетон қопламасини ётқизиш ишлари босқичма-босқич ва белгиланган стандартлар асосида олиб борилмоқда.
Ф.Убайдуллаев, ЎзА.