Йўлларнинг равонлиги фуқаролар учун қулайлик яратади, шу билан бирга йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Айни пайтда республикамиз ҳудудларида йўл хўжалиги соҳаси вакиллари учун иш қизғин паллада. Жумладан, Тошкент вилоятида ҳам йўлларнинг сифатини яхшилаш мақсадида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Зангиота туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан ҳудуд йўлларидаги нуқсонлар бартараф этилиб, носоз йўллар таъмирланмоқда. Шунингдек, туман маркази ва аҳоли гавжум нуқталарда пиёдалар йўлаги чизиш ишлари амалга оширилмоқда. Кундан-кунга чирой очиб бораётган равон йўллар атрофида замонавий йўл белгилари ўрнатилмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатлар замирида аввало инсон манфаатлари мужассам.
Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева маълумотларига кўра, Хоразм вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда унинг таркибидаги корхоналар томонидан ҳам автомобиль йўллари қатнов қисмида пайдо бўлган бузилиш ва носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Тупроққалъа туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан 90В 058 “Питнак ш. – Питнак қ.” автомобиль йўлида қатнов қисмининг зарарланган қисмларида нуқсонларни таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

БУХОРО ВИЛОЯТИ: "80V128 автомобиль йўли – “Чақмоқ. қ. – Ўртабоғ қ.– Тўйтепа. қ. – Боғидашт қ.– Хўмхўрон қ., Зарнамак қишлоғи” маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўли Бухоро тумани Боғидашт, Дилобод, Зафаробод, Гулшанобод ва Хумин маҳаллаларини ўзаро боғловчи йўл ҳисобланади. Жорий йил дастурига асосан мазкур йўлнинг 1.7—2.1 км қисмлари таъмирланди. Таъмирлаш ишларида ўндан ортиқ техника ва 15 нафарга яқин ишчи жалб қилинди.
СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ: Маълумки, мавсумий ёғингарчиликлар автомобиль йўлларида турли носозликларни юзага келтириб, йўл қопламасининг айрим қисмларига сезиларли даражада зарар етказади. Ушбу нуқсонларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида Сурхондарё вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси ҳамда унинг таркибидаги корхоналар ишчи-ходимлари жадал суръатларда таъмирлаш ишларини олиб боришмоқда. Хусусан, Музработ туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан халқаро аҳамиятга эга бўлган М41 “Бишкек-Душанбе-Термиз” автомобиль йўлининг Жарқўрғон туманидаги “Маслаҳаттепа, Ўрикли, Марказий Сурхон, Жинжактепа, Меҳнатобод” маҳаллалари ҳудудидан ўтувчи 1548–1564-километрлари оралиғида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг учун 14 та махсус техника ҳамда 29 нафар ишчи ходим жалб этилган.
ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ: Жиззах вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси Бахмал туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ходимлари туман марказидан ўтган Д 053 "М-39- Ўсмат - Бахмал" автомобиль йўлининг 20—25-км оралиғида таъмирлаш ишларини олиб бормоқда. Ҳаракатнинг биринчи куни йўлнинг 24—25-км оралиғига қалинлиги 5 см бўлган асфальт қопламаси ётқизилди. Бу ишларда 3 та махсус техника, 6 та ташувчи транспорт жалб этилди, 20 нафардан зиёд ишчи-ходим фаоллик кўрсатди.
ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ: Қашқадарё вилояти Деҳқонобод тумани Ўзбекистон маҳалласида жойлашган 32-сонли умумтаълим мактаби олдидаги пиёдалар ўтиш жойида мактаб ўқувчиларининг ўтиб-қайтишлари эътиборга олиниб, туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ташаббуси билан махсус қавариқ пиёдалар ўтиш йўлаклари қурилди. Ушбу пиёдалар ўтиш жойларининг яна бир қулайлиги тунда нур қайтариш хусусиятига эга бўлиб, ҳайдовчилар олдиндаги пиёдалар ўтиш жойини аниқ кўра олади.

ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ: Хоразм вилояти Автомобиль йўллари бош бошқармаси тасарруфидаги барча ташкилотларда кунлик ишлар давом этмоқда. Гурлан туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан автомобиль йўллари қатнов қисмида пайдо бўлган бузилиш ва носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Муассаса томонидан Д220 "Боғот қ.- Янгиарик қ.- Хива ш.- Қўшкўпир қ.- Шовот ш.- Гурлан ш.” автомобиль йўлининг 87—88-км оралиғида қатнов йўлининг зарарланган қисмларини асфальт қирқиш механизми (фреза) ёрдамида картасимон шаклга келтириш ва ҳосил бўлган чуқурчаларга асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда.
НАМАНГАН ВИЛОЯТИ: Чортоқ туманидаги Қорамурт маҳалласининг бирдамлиги обод манзилларда намоён бўлмоқда. Боиси, маҳалла аҳли кўчаларининг асфальт бўлиши учун “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида қатнашди ва ғолибликни қўлга киритди. Келгусида маҳалладаги 3,7 километр қисмида кўчалар асфальт бўлиши режалаштирилган. Ушбу маҳаллада Наманган Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси буюртмаси асосида “Темир-бетон буюмлар заводи” МЧЖ томонидан асфальт ётқизиш ишлари бажарилмоқда. Мазкур маҳалла аввал ҳам “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб бўлган ва маҳалладаги мавжуд 19 та кўчанинг 15 таси тўлиқ асфальтланган.
Бугун жойлардаги лой кўчалар тарихга айланмоқда. Мамлакатимизда йўл инфратузилмасига тааллуқли бўлган эски стандартлар янгиланмоқда. Катта-катта марраларни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси аҳолини фаровонликка, тараққиёт сари дадил етаклаб бормоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА