Бутун мамлакатимиз ҳудудида бўлгани каби Андижонда ҳам ҳаво кескин совиб, эрта тонгдан қор ёға бошлади.
Йўлларда сирпанчиқ ва музламалар, қолаверса, турли кўнгилсизлик ва нохуш ҳолатлар юзага келишининг олдини олиш мақсадида Андижон вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси, унинг тизимидаги туман, шаҳар йўллардан фойдаланиш унитар корхоналари томонидан йўлларни тозалаш, қум-туз аралашмасини сепиш ишлари олиб борилмоқда.
Қўрғонтепа тумани ҳудудида ҳам эрта тонгдан бу борада зарур ишлар зудлик билан ташкил этилди.
– Туманимиз ҳудудида халқаро, республика ва маҳаллий аҳамиятга эга 199 километр масофада автомобиль йўли мавжуд, – дейди Қўрғонтепа туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Мўйдинжон Азимов. – Шундан 9 километри халқаро, 80 километри республика 110 километри эса маҳаллий автомобиль йўли ҳисобланади.
Ана шу йўлларни қордан тозалаш, йўлларга қум-туз аралашмасини сепиш, сирпанчиқ ва музламалар юзага келишининг олдини олиш бўйича зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Мавжуд техника воситалари, барча ишчи-ходимлар ана шу ишга сафарбар этилган.
Бундан ташқари, тумандаги мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда даволаш муассасаларига олиб борувчи ички йўллар ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА