Йўллар янгиланиши — қулай ҳаракат, хавфсиз сафар ва янги имкониятлар кафолати
Йўл инфратузилмасини замонавий талаблар асосида таъмирлаш ва янгилаш ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётида муҳим ўрин тутади. Чунки, сифатли йўллар нафақат транспорт ҳаракатини енгиллаштиради, балки йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, юк ташиш самарадорлигини ошириш ва ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу боис, йўлларни мунтазам таъмирлаш ва модернизация қилиш барқарор ривожланишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Хўш, бугун йўл инфратузилмасини таъмирлаш ва янгилаш бўйича ҳозирда қандай амалий ишлар олиб борилмоқда?
Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, D002 “Тошкент ш. – Нурафшон ш. – A373 автомобиль йўли” автомобиль йўлининг D021 “Тошкент шаҳар айланма йўли” автомобиль йўли билан кесишган қисмида қуриш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

Объектнинг лойиҳа ҳужжатлари “Ўзйўллойиҳа” лойиҳа-қидирув институти МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, объект қуввати — 300 погонометрни ташкил этади. Шу кунгача дастлабки лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича сув сатҳини пасайтириш учун қудуқларда бурғулаш ишлари олиб борилди, қувур қоқиш ишлари якунланди, ер ости пиёдалар ўтиш йўлида бетонлаш ишлари тугатилди.
14,1 гектар майдонни эгаллаган мазкур объектда 4 та пиёдалар ўтиш жойи, 2 та 2 сатҳли қайрилиб олиш йўли барпо этилмоқда. Объект атрофидаги 125 550 метр квадрат майдонда кўкаламзорлаштириш ишлари назарда тутилган бўлиб, 720 дона заранг, 720 дона шумтол дарахти, 938 дона 3-4 метргача баландликда ўсадиган бересклет бутаcини экиш режалаштирилган.
Хорижий сайёҳлар ва инвесторларнинг мамлакатимизга қизиқиши ортиб боришида тарихий шаҳарларимизнинг ўрни беқиёс. Жумладан, қадимий Хоразм воҳаси ҳам бугун кўплаб йирик тадбирларга мезбонлик қилмоқда. Шу боис, вилоятда йўл ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилаш келгусида барча соҳалар бўйича кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширишга замин яратади.

Хоразм вилоятининг асосий транзит коридорларидан бири бўлган йўл халқаро стандартлар талаблари асосида барпо этилмоқда. Мазкур автомобиль йўлида цемент-бетон қопламанинг қалинлиги 26 см., бир ўққа тушадиган юк кўтариш қобилияти 13 тоннани ташкил этади. Ҳаракат жадаллиги суткасига 20 мингта автотранспорт воситаси улушига тўғри келади. Лойиҳа консультанти Туркиянинг “Темелсу” компанияси, пудратчи ташкилот эса Хитойнинг йўл ва кўприксозлик бўйича катта тажрибага эга йирик компанияси бўлиб ҳисобланади.
84 км. узунликдаги бу йўлнинг 2,7 км. қисми Урганч шаҳридан ўтади ва айнан шу қисми 6 тасмали йўлга айлантирилади. Урганч туманидан 7,3 км., Хонқа туманидан 14 км.., Боғот туманидан 22 км., Ҳазорасп туманидан 28 км. ва Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманидан 10 км. қисми ўтган мазкур йўл жаҳон стандартларига мос равишда 4 тасмали цемент-бетон қопламали йўлга айлантирилмоқда. Бунинг асосий сабаби цемент-бетон йўллар асфальт-бетонга нисбатан бир қатор муҳим афзалликларга эга. Энг аввало, улар юқори чидамлиликка эгалиги, хизмат қилиш муддати 30-40 йилни ташкил этиши, мустаҳкамлиги ва оғир юкларга чидамлилиги билан аҳамиятлидир. Оғир транспорт воситалари остида деформацияланмайди, ёриқлар ҳосил қилмайди.
Хоразм воҳасининг ёзги жазирамасида юмшамайди ва қишки қаҳратонига бардош беради. Мазкур автомобиль йўлида шунингдек, 44 та кўприк, 5 та пиёдалар ер ости ва ер усти ўтиш жойлари, 4 та йўл ўтказгич таъмирланади ва янгидан бунёд этилади. Бундан ташқари Амударё дарёси устидан ҳажми жиҳатидан энг йирик 700 метр узунликда кўприк барпо этилади.

Бундан ташқари Европа тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида D213 “Урганч–Хонқа–Ҳазорасп–Амударё дарёси–A380” автомобиль йўлининг 0–84 км. қисмида реконструкция қилиш лойиҳасига старт берилди.
Шунингдек, Сурхондарё вилояти Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати давлат муассасаси буюртмачилигида Қумқўрғон туманидан ўтувчи 4P101 “Қумқўрғон шаҳрига кириш автомобиль йўлининг 0-7 км. қисмида қайта қуриш” объектида кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Иш жараёнларига асфальт ётқизувчи техникалар, оғир юк кўтарувчи самосваллар, юқори босимли йўл катоклари каби замонавий техникалар кенг жалб этилган. Ушбу замонавий техника ва илғор технологиялар ёрдамида ишлар тезкор ва сифатли амалга оширилмоқда.
Ҳудудларда йўл ислоҳотлари давом эттирилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА