Янги йўллар янги қулайликлар яратмоқда
– Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида бу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларининг самарасини азим пойтахтимиз Тошкент шаҳри мисолида яққол кўришимиз мумкин, – дейди “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси бошқарма бошлиғи ўринбосари Қаҳрамон Ҳакимов.
Истиқлол йилларида Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган, дунёда ривожланишнинг “ўзбек модели” деб эътироф этилган тараққиёт стратегияси асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари юртимиз, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга очилиб, янада гўзал ва обод бўлиб бораётганида ўз аксини топмоқда.Халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишда улкан аҳамият касб этаётган замонавий транспорт инфратузилмасини барпо этишга қаратилган ислоҳотлар кўлами тобора кенгаймоқда. Янги-янги темир ва автомобиль йўллари, магистраллар, муҳташам кўприкларнинг кўплаб барпо этилиши натижасида Ўзбекистон бугунги кунда қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган муҳим ва замонавий мамлакатга айланиб, шаҳар ва қишлоқларимизда мутлақо янги, жаҳон талабларига жавоб берадиган транспорт-коммуникация тармоқлари шаклланмоқда.
– Президентимизнинг бевосита ташаббуси ва раҳбарлигида бу соҳада амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларининг самарасини азим пойтахтимиз Тошкент шаҳри мисолида яққол кўришимиз мумкин, – дейди “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси бошқарма бошлиғи ўринбосари Қаҳрамон Ҳакимов. – Хусусан, кўплаб йўлўтказгич ва эстакадаларга эга бўлган 6-8 полосали 32 километрлик Тошкент кичик ҳалқа йўли, Олмазор туманидан бошланадиган Беруний кўчасини Шайхонтоҳур туманидаги Осиё кўчаси билан боғлайдиган, Форобий, Қорасарой, Сағбон, Себзор ва Лабзак кўчаларини ўзаро туташтирган 5,1 километр узунликдаги янги Нурафшон кўчаси бунёд этилгани пойтахтимиз йўлларида транспорт ҳаракатини такомиллаштириш, шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари учун ҳар томонлама қулайлик туғдиришга пухта замин яратди.
Жорий йилнинг май ойида фойдаланишга топширилган Себзор ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишадиган манзилда барпо этилган узунлиги 500, эни 26 метрни ташкил этадиган янги замонавий кўприк мамлакатимизда йўлсозлик ва кўприксозлик анъаналари изчил ривожланиб бораётганини амалда яна бир бор исботлади.
Мустақилликнинг 24 йиллигини нишонлашга кенг тайёргарлик кўрилаётган шу кунларда Ўзбекистоннинг бош шаҳрида яна бир хайрли тадбир – Мирзо Улуғбек, Юзработ, Феруза ва Тараққиёт кўчаларида қатнов йўлини кенгайтириш юзасидан ишлар бошлаб юборилди.
– Ҳар куни Чилонзордан Тракторсозлар мавзесига келиб кетаман, – дейди пойтахтлик Аҳмаджон Ёқубов. – Эрталаб ишга келаётиб, кечқурун уйга қайтаётганда Мирзо Улуғбек кўчасидаги тирбандлик оқибатида анча-мунча вақт йўқотишга тўғри келарди. Куни кеча бошланган қурилиш ишларини кўриб, тез орада бу муаммо бартараф этилишига ишонч ҳосил қилдим. Бинобарин, транспорт тирбандлиги бу – вақт йўқотиш, асаб бузилиши, ортиқча ёнилғи, экологияга зарар демакдир. Энди буларнинг барчасига барҳам берилади.
Мирзо Улуғбек кўчасида олиб бориладиган ишлар натижасида мавжуд автомобиль йўли 10 метрга кенгайиб, 8 полосали равон, тезюрар йўл қурилади. Энг муҳими, ушбу йўлнинг ишга туширилиши нафақат пойтахтимиз аҳли учун, балки Қибрай тумани орқали Чирчиқ шаҳри ҳамда Бўстонлиқ туманидан келиб-кетадиган минглаб одамларнинг узоғини яқин қилишга хизмат қилади.
Реконструкция ишлари натижасида Тракторсозлар мавзесидан Мирзо Улуғбек, Юзработ, Феруза кўчалари орқали Кичик ҳалқа йўлига чиқиб, Тошкент вокзалигача, сўнг Меҳржон кўчаси бўйлаб Фарғона йўли кўчасидан Қўйлиқ марказигача бўлган трамвай йўналишининг Тракторсозлар мавзесидан Тошкент вокзалигача бўлган қисми қисқартириладиган бўлди.
– Жамоат транспорти самарадорлигини ошириш мақсадида янги “Тракторсозлар мавзеси – Тошкент вокзали” автобус йўналиши ташкил қилинди, – дейди “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси бошқарув раиси Отабек Содиқов. – Йўналишда “Mercedes Benz” русумли 12 автобус ҳаракатланиб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Бугунги кунда, шунингдек, ушбу йўналишда яна 8 автобус йўналиши мавжуд. Бундан ташқари, Тараққиёт кўчасидан Оҳангарон шоссесигача 3 километр узунликдаги янги трамвай йўлини қуриш ва уни Авиасозлар бекатидан Роҳат кўли бекатигача мавжуд бўлган 5 километрлик трамвай йўли билан улаш кўзда тутилган.
“Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси маълумотларига кўра, 2016 йилнинг охирига қадар Роҳат автомобиль айланмасида янги транспорт боғламаларининг бунёд этилиши пойтахтимиздаги транспорт ҳаракатини янада яхшилаш имконини беради.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча бунёдкорлик ишлари, ўзгариш ва янгиланишларнинг асосий мақсади – инсон манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан айниқса эътиборлидир. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида пойтахтимизда бошланган мазкур бунёдкорлик ишлари халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонлари учун мустақилликнинг 24 йиллигига ўзига хос совға бўлади.