Йўллар озодалиги – юрт фаровонлиги
Обод ва озода ҳудуд – аввало, унда яшаётган аҳолининг экологик маданияти, атроф-муҳитга муносабати ва жамоатчилик масъулиятини намоён этади. Кўчалар, йўл бўйлари ва аҳоли яшаш манзилларида тозаликни таъминлаш, маиший чиқиндиларни белгиланган тартибда тўплаш ва уларни атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда бошқариш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Бугунги кунда Навоий вилоятида Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант маблағлари ҳисобидан “Йўллар озодалиги – юрт фаровонлиги” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати Алижон Жалилов ташаббуси билан Навоий вилояти “Экомакон” тарғибот маркази ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилояти Кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур лойиҳа йўл бўйларида санитария ва ободонлаштириш ҳолатини яхшилаш, аҳолининг чиқиндиларни тўғри бошқариш борасидаги масъулиятини ошириш, экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган.

– Лойиҳанинг навбатдаги амалий тадбири М-37 магистраль йўли бўйида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларини қамраб олди, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Навоий шаҳар Кенгаши раиси Амонмурод Амонов. – Мазкур йўл вилоятдаги муҳим транспорт йўналишларидан бири бўлиши билан бирга, унинг атрофида жойлашган аҳоли яшаш манзиллари билан ҳам узвий боғлиқ. Шу боис бу ҳудудда тозалик ва санитария талабларига риоя этиш нафақат маҳаллий аҳоли, балки ушбу йўлдан фойдаланувчи минглаб юртдошларимиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Тадбир давомида магистраль йўл бўйидаги хонадонларга замонавий чиқинди қутилари топширилди. Тадбир давомида аҳолига чиқинди қутиларидан тўғри фойдаланиш, уларни асраб-авайлаш, маиший чиқиндиларни тартибли равишда тўплаш ва атроф-муҳитга ташламаслик юзасидан тушунтиришлар берилди. Йўл ёқалари, ариқлар ва умумий фойдаланиш ҳудудларини чиқиндилардан асраш, яшаш манзилининг санитария ҳолатига бефарқ бўлмаслик зарурлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири