Экологик акция: Ботаника боғи чиқиндилардан тозаланди
Ўзбекистон Экологик партияси Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги Ботаника боғида “Clean-Up Day” экологик акциясини ўтказди.
Акцияда 200 дан ортиқ талаба кўнгилли сифатида фаол иштирок этди. Иштирокчилар 20-25 кишидан иборат 10 та жамоага бўлиниб, сардорлар бошчилигида боғ ҳудудини чиқиндилардан тозалади.
Қайд этиш лозимки, бугунги кунда экологик муаммолар кун сайин ортиб бораётган бир пайтда атроф-муҳитни асраш, яшил боғларни кўпайтириш, табиатга зарар етказмаслик долзарб аҳамият касб этади. Айниқса, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташлаш, ён-атрофни турли чиқиндилар билан булғамаслик, атрофимизни озода сақлашга эътибор қаратиш каби оддий одатларни кундалик вазифамизга айлантириш жамиятда юксак экологик маданиятлиликни шакллантиришда муҳим ҳисобланади.

Шу маънода Экопартия ва талаба-ёшлар иштирокида ўтказилган экологик акция ёш авлод вакилларида табиатни севиш ҳиссини уйғотиб, уларнинг экологик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Акция давомида кўнгилли ёшлар томонидан йиғилган чиқиндилар сараланиб, белгиланган жойларга топширилди.
М.Комилова,
ЎзА