Йўллар кенгайса, имкониятлар ошади
Йўл инфратузилмаси яхши бўлса, шу ҳудуд ҳар томонлама ривожланади. Республикамизда йўл инфратузилмасини янада яхшилаш, аҳоли ва транспорт қатнови учун қулай ҳамда хавфсиз шароит яратиш мақсадида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Хусусан, Сирдарё вилояти Сардоба туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ходимлари томонидан давлат аҳамиятидаги D063 автомобиль йўлининг 12–13 км. оралиғида таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.
Бундан ташқари Нукус шаҳри ҳудудидан ўтувчи D234 “Нукус – Чимбой – Тахтакўпир” автомобиль йўлининг 9,3–14,3 км. қисмида ҳам реконструкция ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Мазкур автомобиль йўли аввал 12 метр кенгликда бўлган бўлса, реконструкция ишлари якунлангач йўлнинг умумий кенглиги 24 метрга етказилади. Бу эса транспорт оқимини сезиларли даражада яхшилаш, тирбандликларнинг олдини олиш ҳамда ҳайдовчи ва йўловчилар учун янада қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имкониятини яратади. Лойиҳа доирасида автомобиль йўлининг қатнов қисми замонавий талаблар асосида кенгайтирилиб, йўл қопламаси янгиланмоқда.
Шунингдек, пиёдалар йўлаклари, йўл ёритиш тизимлари, дренаж тармоқлари ҳамда транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бошқа инфратузилма объектлари ҳам барпо этилмоқда.
“A373 автомобиль йўлидан – Тошкент шаҳрига шохобча”, яъни Оҳангарон шоссеси автомобиль йўлининг 44-километр қисмида жойлашган (Чирчиқ дарёси устида ўтувчи) кўприкда “Ўзйўлкўприк” кластерининг Тошкент вилояти филиали ДМ томонидан қурилиш ишлари жадаллик билан давом эттирилмоқда.
Ушбу объектда айни кунларда қурилиш жараёнининг энг мураккаб босқичи, яъни темир-бетон тўсинларни ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Нурота туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан маҳаллий аҳамиятга эга 85V012 (4K375) “Деҳибаланд қ. – Эски қ. – Ажирим қ.” автомобиль йўлининг 2–4 километрлари оралиғида таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу лойиҳага асосан йўл қатнов қисмини яхшилаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли учун қулай ва хавфсиз шароит яратиш мақсадида пиёдалар йўлаги қурилиши ҳам олиб борилмоқда. Айни пайтда объект ҳудудида белгиланган режа асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Бухоро вилояти Пешку туманида ҳам ички йўл узунлиги 1060 километрдан ошиқ. Маҳаллий аҳолидан тушаётган мурожаат ва шикоятларни жойида ўрганган ҳолда ўтган йили туман йўлсозлари жамоаси кучи билан ҳудудда тупроқли йўлнинг 73 километри тўлиқ шағаллаштирилди, йилнинг иккинчи даврида эса 17 километрга яқин йўл асфальтлаштирилди. Бу лойиҳалар учун йил давомида 5 миллиард 186 миллион сўм маблағ сарфланган.

Туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси тасарруфида маҳаллий аҳамиятдаги умумфойдаланув автомобиль йўли узунлиги 306 километрга тенг бўлиб, жорий йил биринчи ярмида умумий қиймати 3,5 миллиард сўмлик жорий таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.
Шунингдек, йўлда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 554 метр пиёдалар йўлаги қурилиб, юздан ортиқ эскирган ва яроқсиз йўл белгиси янгисига алмаштирилган. Шу таъминот ва йўл белгилари учун 260 миллион сўмдан ошиқ маблағ сарфланган.
Бундан ташқари, туман йўлсозлари ҳудуддаги жами 86 та кўприкка масъул сифатида хизмат кўрсатиб келмоқда. Муҳими, кейинги йилларда йўлсозлар томонидан амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари натижасида йиллар давомида қаровсиз қолган кўчалар обод бўлиб, аҳолининг дарду ташвишлари ариб бормоқда.
Шу кунларда йўлсозлар “Янги бозор” маҳалла фуқаролар йиғинида, маҳаллий аҳамиятга эга “80V027” русумли автомобиль йўлининг 2 километр қисмида жорий таъмирлаш ишларини бажармоқда. Жумладан, ҳозирда мазкур йўлнинг 220 метр қисмида асфальтлаштириш ишлари бажарилиб, аҳоли ва ҳайдовчилар учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароити яратилди.
Тахиатош тумани ҳудудидан ўтувчи маҳаллий аҳамиятдаги 95V093 “D154” автомобиль йўли (10 км.дан) – Тахиатош шаҳри – “Кенегес” ОФЙ маркази йўлининг 3–4 км. қисмида таъмирлаш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар аҳоли учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратишга қаратилган бўлиб, бу ишлар Тахиатош тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан амалга оширилмоқда.
Қораўлбозор туманининг “Бўзачи” маҳалласида чанг ва лой кўчалар ўрнини текис ва равон йўллар эгаллади. Туман Йўллардан фойдаланиш корхонаси давлат муассасаси томонидан маҳаллий аҳамиятдаги 80V185 “A380 автомобиль йўли (159 км.дан) – Бўзачи қ.” автомобиль йўлининг 2–4 км. оралиғи таъмирлаш дастурлари асосида таъмирланди. Маҳалла ички йўлларини асфальтлаш ва шағаллаштириш ишлари босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Йўллар ислоҳоти бўйича ҳудудларда амалий ишлар давом эттирилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА