Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири ўринбосари Абубакр Гизлигидер бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.
Учрашувда сўнги йилларда икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларнинг янги босиқчи, жумладан ветеринария ҳамда чорвачилик ва унинг тармоқларида ҳамкорликнинг ижобий динамикаси кузатилаётгани юқори баҳоланди.
Таъкидлаш керак, қўмита ҳамда Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги ўртасида имзоланган “Балиқчилик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида” ги меморандум доирасида аквакультурани ривожлантириш, табиий сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш соҳаларида илмий-амалий ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ва Туркиянинг Марказий балиқчилик илмий-тадқиқот институти ўртасида ўзаро илмий-амалий ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги – ТIКА билан ҳамкорликда “Сунъий уруғлантириш ва наслчилик ишининг ҳуқуқий нормалари бўйича инструкторлар тренинги дастури” доирасида 300 дан ортиқ мутахассис малакаси оширилди.
Агентлик кўмагида 2024 йилда балиқчилик соҳасидаги 15 нафар мутахассис Туркиянинг Ўрта ер денгизи балиқчилик илмий ишлаб чиқариш ва таълим марказида тажриба алмашди.
Шунингдек, Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги билан чорва ҳайвонларини идентификация қилиш, чорвачилик соҳасини рақамлаштириш ва яйловларни бошқариш йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш йўлга қўйилди.
Мулоқот давомида яйловларни бошқариш ва деградациясининг олдини олишда тажриба алмашиш, чорва наслини яхшилаш ва сунъий уруғлантириш йўналишида мутахассислар малакасини ошириш, Туркиянинг “Сут йиғиш марказлари” фаолиятини ўрганишда ҳамкорлик қилиш, қўй-эчкичиликда илмий ҳамкорликни жадаллаштириш, балиқчилик ва аквакультура соҳасида тажриба алмашишга келишилди.
И.Аввалбоев, ЎзА